Ўзбекистон | 13:14 / 27.11.2023
5732
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда участка нозирини уриб, машинасига зарар етказган шахслар ҳибсга олинди

Чақирув бўйича жанжалга чек қўйишга борган профилактика нозирига қаршилик кўрсатган ва унинг машинасига зарар етказган шахсларга жиноят иши қўзғатилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд шаҳрининг Бунёд маҳалласида яшовчи фуқаро М.Р. 102 операторига қўнғироқ қилиб, яшаш хонадонида жанжал бўлаётганлигини маълум қилиб, профилактика инспекторини юборишни сўраган.

Ҳодиса 2023 йил 20 ноябр соат 19:30 да содир бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев хабар бермоқда.

Чақирувга кўра, Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ 6-сон ИИБ профилактика нозири лейтенант А.Тошпўлотов фуқаронинг яшаш хонадонига борган.

Инспектор муқаддам жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаролар М.Р., унинг опаси, турмуш ўртоғи ва укаси ўзаро жанжаллашаётганлигини кўриб, уларни ажратмоқчи бўлган.

Жанжалга чек қўйиш жараёнида фуқаролар профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, уни турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Шунингдек, унга тегишли бўлган машинанинг олд ойнасини синдириб, моддий зарар етказишган.

Қайд этилишича, воқеа жойи тегишли тартибда кўздан кечирилиб, фуқароларга нисбатан жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Улар процессуал тартибда қамоққа олинган.

Мавзуга оид