Жамият | 15:30 / 28.11.2023
18560
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекэнерготаъмир” энерго объектларнинг барқарор ишлаши бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ – Ўзбекистон энергетика секторида муҳим аҳамиятга эга корхоналардан ҳисобланади. Корхона иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик марказларини қишки мавсумга тайёрлаш, энерго объектларнинг барқарор фаолиятини таъминлашга оид йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Фото: Ўзбекэнерготаъмир

Бугун юртимизда электр энергетика тармоғини ривожлантириш жараёнлари янги босқичга кўтарилди, авваллари, юртимизда электр энергетика тармоғини модернизация қилиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари асосан хорижий компаниялар томонидан амалга ошириларди. Президентимиз бошчилигида соҳани либераллаштириш, эркин бозор механизмларини жорий этишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида хорижий инвесторлар қаторида, бугун тизимга маҳаллий, рақобатбардош инвестор компаниялар ҳам кириб келмоқда. Шу каби корхоналардан бири “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ҳисобланади.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ жуда кам вақт ичида жаҳонга машҳур энергетика компанияларининг шеф-инженерларини жалб қилган ҳолда, ўқув амалиётлари, тажриба алмашиш курслари натижасида юқори малакали маҳаллий мутахассислар гуруҳини шакллантиришга эришди. Бугун корхона таркибидаги 2 ярим мингга яқин техник мутахассислар электр станцияларнинг барқарор фаолият юритишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Маълумки, аввалги йилларда куз-қиш мавсуми энергетика соҳаси учун мураккаб кечарди. Айрим нуқталарда маънан эскирган қурилмалар панд берган бўлса, айрим жойларда электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш, ёқилғи-ресурсларнинг етишмаслиги кутилмаган вазиятларнинг юзага келишига сабаб бўларди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг вазиятни чуқур таҳлил қилган ҳолда 2022 йилнинг 13 декабрь куни, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиш жараёнида аҳолини энерго ресурслар билан таъминлашда аниқланган муаммолардан келиб чиқиб бир қатор қарор ва топшириқлари қабул қилинди. Бугун ушбу белгиланган чора-тадбирлар соҳани ривожлантиришга замин бўлмоқда.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ҳам Президентимиз томонидан қўйилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда тизимли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган режага асосан корхона томонидан иссиқлик электр станцияларидаги жами 55 та энергоқурилма, жумладан, 14 та энергоблок, 19 та қозон қурилмаси, 9 та буғ-газ қурилмаси, 1 та газ-турбина қурилмаси мукаммал, ўрта ва жорий таъмирланди.

Шунингдек, туну-кун фаолият юритган ишчи-гуруҳлари томонидан аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб, режадан ташқари 16 та асосий ва ёрдамчи қурилмаларда кенгайтирилган таъмирлаш ишлари бажарилди.

Давлатимиз раҳбари пойтахт аҳолисини кафолатланган иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖни ҳам мавсумга пухта тайёрлаш ва уни модернизация қилиш бўйича тегишли топшириқлар берган эди.

Шу тариқа қисқа фурсатларда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан Тошкент иссиқлик марказларида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ва модернизация ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги “Ғарбий” 3-сонли ва Учтепа туманидаги “Чилонзор” 5-сонли иссиқлик марказларида модернизация ишлари амалга оширилди. Иссиқлик марказларининг ҳар бирида 2 тадан қозон реконструкция қилиниб, анъанавий ёқилғи бўлган табиий газ билан бир қаторда мазут ёқишга мослаштирилди. Эътиборлиси, қурилманинг гибрид шаклида ишлаши аномал совуқ об-ҳаво шароитида ҳам, мазут ёқиш эвазига истеъмолчиларни 108 даражагача иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Маълумот учун, авваллари бу кўрсаткич 36-38 даражадан ошмаган.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан келгусида ҳам мазкур йўналишдаги модернизация ишларини юқори суръатларда ва тизимли давом эттирилиши белгиланган.

Сўзларимизнинг исботи сифатида қуйидаги маълумотларни келтирамиз. Жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор келишувларга эришилди. Хусусан, икки мамлакат ишбилармонларини жамлаган Ўзбекистон-Хитой бизнес форуми доирасида иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришга қаратилган кўпгина шартномалар имзоланди.

Жумладан, “China National Technical Import and Export Corporation” (CNTIC) компанияси билан эришилган келишувларга кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси ва пойтахт иқтисодиёт тармоғи корхоналари учун қўшимча қувватлар яратилади. Пойтахтимиз истеъмолчиларининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш мақсадида 4-иссиқлик марказида, шунингдек, Миробод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод ва Учтепа туманларида янги, замонавий ва энергосамарадор когенерацион қувватлар жорий этилади.

Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бугун юртимизнинг энергетика тармоғида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. АҚШнинг “General Electric Global Parts and Products GmbH” корпорацияси билан ҳамкорликда электр станцияларидаги амалдаги энергоблокларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар билан олиб бориладиган лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати “Ўзбекэнерготаъмир” АЖнинг ёш мутахассислари ва ходимларининг малакасини ва касбий маҳоратини ошириш масаласи бўлиб, улар америкалик мутахассисларни жалб қилган ҳолда таъмирлаш ва созлаш ишларида иштирок этадилар. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ёшларимиз дунёда тан олинган электр қурилмаларини бошқариш ва улар билан ишлаш бўйича билим ва тажрибаларини ривожлантиришга имконият яратилди.

Хитойнинг жаҳонга машҳур “State Grid” корпорацияси таркибидаги “China Electric Power Equipment and Technology Co., Ltd.” компанияси билан электр станциялардаги юқори кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаларини қуриш ва модернизация қилиш, янги подстанциялар қуриб фойдаланишга топшириш ишларини олиб бориш белгиланган. Бунинг натижасида, Ўзбекистондаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тизимига замонавий, шу билан бирга рақамли технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш имконияти вужудга келади.

Шунингдек, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ юртимиздаги электр станцияларини модернизация ва реконструкция қилиш учун импорт ўрнини босувчи юқори самарадор ва замонавий энергоқурилмаларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда.

Бугун эса, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида электр станцияларида туну кун, суткасига 24 соат навбатчилик асосида фаолият олиб боришмоқда. Асосий мақсад – бу электр объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, кутилмаган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳисобланади.

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид