Жаҳон | 13:30 / 06.12.2023
8136
3 дақиқада ўқилади

Мадуро Гайананинг бир қисмини Венесуэла провинцияси деб эълон қилди

Венесуэла раҳбари Мадуронинг маълум қилишича, Гайана ғарбий қисми – Эссекибо бундан буён унинг мамлакатидаги 24-штат бўлади. У ресурсларга бой ушбу ҳудудда нефт қазиб олиш учун лицензиялар беришни зудлик билан бошлашни буюрди.

Фото: AP

Венесуэла раҳбари Николас Мадуро баҳсли референдум натижаларига кўра, қўшни Гайана билан чегарадаги ушбу мамлакатнинг ғарбий қисми – Эссекибони Венесуэланинг 24-штати деб эълон қилди. Парламентнинг 5 декабр, сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишида у тегишли қонун лойиҳасини киритишни таклиф қилди

Мадуро, шунингдек, Венесуэла давлат нефт конгломератига зудлик билан табиий ресурсларга бой Эссекибода нефт, газ ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун лицензиялар беришни бошлашни буюрди. У денгизда ишлайдиган нефт компанияларига операцияларни тўхтатиш учун уч ой берди. 

«Фақат яхшиликча. Халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилган ҳолда, қонунларни ҳурмат қилган ҳолда, яхши қўшничиликни ҳурмат қилган ҳолда», - деди Мадуро. Шунингдек, у яқин келажакда Венесуэланинг Гайана-Эсекиба штати киритилган янги харитаси мамлакатдаги барча таълим муассасаларига юборилишини айтди. 

Баҳсли референдум 

3 декабр куни Венесуэлада мунозарали референдум бўлиб ўтди, унда расмий маълумотларга кўра, фуқароларнинг 95 фоизи Эссекибонинг ўз мамлакати таркибига киритилишини ёқлаган. Гайана президенти Ирфаан Али референдумни Венесуэланинг минтақани аннексия қилишига сабаб деб атади. Гайана бош прокурори Анил Нандлалл, агар Венесуэла кейинги қадамлар қўйса, БМТ Хавфсизлик кенгашидан ёрдам сўрашини айтди. 

Гайана аввалроқ Венесуэладаги референдумни ўзи учун экзистенциал таҳдид деб атаган эди. Эссекибо бу собиқ Британия мустамлакаси ер майдонининг учдан икки қисмини эгаллайди. Гайанадаги 800 минг аҳолининг 125 минги шу ерда яшайди.

Нефтга бой минтақа 

Венесуэла ярим асрдан кўпроқ вақт давомида Эссекибога даъво қилиб келади. ExxonMobil нефт концерни 2015 йилда минтақада нефтга бой конларни аниқлаганидан кейин унинг даъвоси янада кучайди. Шу йилнинг октябр ойида Эссекибода яна бир йирик нефт кони топилди, у Гайана нефт заҳираларини камида 10 миллиард баррелгача оширади. Бу Кувайт ёки Бирлашган Араб Амирликларидан кўпроқ. 

1966 йил 17 февралда Венесуэла ва Гайана Женева шартномасини имзолади, Гайана минтақадаги ҳудудий низоларни ҳал қилишда Британия империясининг вориси бўлди. 1999 йилда Париждаги арбитраж суди Эссекибо ҳудудини Гайананинг бир қисми деб тан олди. 

Гайана расмийлари ушбу қарорни тасдиқлаш учун БМТ Халқаро судига мурожаат қилди. Суд Венесуэлага Гайананинг ушбу ҳудуд устидан назоратини шубҳа остига қўядиган ҳаракатлар қилмасликни буюрган, аммо референдум ўтказишни тақиқламаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид