Жаҳон | 00:30 / 06.12.2023
10409
2 дақиқада ўқилади

Россияда энг бой депутатнинг ваколатлари тугатилди

46 ёшли Владимир Блоцкий Россия Давлат Думасининг энг бой депутати сифатида ном қозонган эди.

Фото: РИА Новости

Россия Давлат Думаси депутатлари Коммунистик партия (КП) аъзоси Владимир Блоцкий ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилди.

Қайд қилинишича, 4 декабр куни Блоцкий ўз ваколатларини тугатиш ҳақида ариза берган. Унинг истеъфога чиқиши ҳақидаги қарор Коммунистик партия Марказий Қўмитаси (КП МҚ) билан келишилган.

«У партия ва фракция билан ишлашда давом этади. Владимир Блоцкий Давлат Думасидан кетганидан сўнг, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратади. Бу, айниқса, ҳозирги кун тартибида долзарбдир. Ишончим комилки, Блоцкий халқ корхоналари тажрибасидан амалий фаолиятда фойдаланади ва яхши натижаларга эришади», деди КП МҚ раиси ўринбосари Афонин.

Владимир Блоцкий 46 ёшда. У Нижний Новгород вилоятидан Давлат Думаси депутати эди. Блоцкий Думанинг аграр масалалар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ҳам ишлаган.

2022 йил апрел ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, Блоцкий 2021 йил охирида 3,5 миллиард рубл (қарийб 478 трлн сўм) даромад билан Давлат Думасининг энг бой депутати бўлди.

2021 йилги декларацияга кўра, Блоцкий тўққизта ер участкаси ва тўртта уй (участка ва уйлардан бири Буюк Британияда жойлашган), тўртта квартира ва автотураргоҳда иккита жойга эгалик қилган. Сиёсатчида шунингдек, Porsche Cayenne Diesel ва Panamera 4s автомобиллари ҳам бўлган.

Депутат 2022 йил учун даромадлари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилмади, чунки Россия президенти Владимир Путин депутатлар ва сенаторларнинг даромадлари тўғрисидаги ҳисоботларни умумлаштирилган шаклда эълон қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид