Иқтисодиёт | 23:03 / 07.12.2023
19757
6 дақиқада ўқилади

Илҳом Алиев: “Биз Евросиёнинг янги транспорт харитасини яратяпмиз”

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўзбек тадбиркорлари учун Транскаспий йўналишидан фойдаланиш имкониятлари борлигини таъкидлаб, бу борадаги умумий тариф сиёсати устида фаол иш олиб борилаётганини айтди.

Фото: Озарбойжон президенти матбуот хизмати

6 декабр куни Бокуда Қорабоғнинг Озарбойжон таркибига қайтарилганига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Форумнинг савол-жавоб сессиясида Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги лойиҳа офиси раҳбари Азиза Умарова Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга Каспий денгизи орқали ўтадиган ўрта коридор бўйича савол берди.

“Транскаспий йўлаги Марказий Осиё учун янги имкониятлар яратади ва у Қора денгиз, Ўрта ер денгизи ва ундан кейин Европага уланиш нуқтайи назаридан жуда истиқболли. Шу билан бирга, Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл ўрта коридор билан боғланадиган бўлса, бу Жанубий Осиёни Европа билан боғлайдиган ва Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда манфаатли лойиҳа бўлади. Аммо баъзи чекловлар ҳам бор. Сиз қандай тўсиқларни кўряпсиз ва уларни биргаликда ҳал қилишимиз мумкинми?” – дея сўради Умарова.

Озарбойжон раҳбари Ўзбекистон унинг мамлакатига энг биринчи бўлиб биродарлик ёрдамини кўрсатган давлат эканига урғу бериб, Шавкат Мирзиёев билан бирга Фузулий шаҳрида очилган ва Мирзо Улуғбек номи берилган мактабнинг очилиш маросимида бирга иштирок этишганини эслади.

“Биз транспорт, энергетика, автомобилсозлик соҳаларида ҳамкорликнинг кенг миқёсидаги кун тартибини ишлаб чиқдик. Бу иккала томон ҳам фахрланиши мумкин бўлган ҳамкорлик ва келажак учун катта салоҳиятга эга. Биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар учун 500 млн долларлик дастлабки захирага эга қўшма инвестиция жамғармаси яратдик ва айни пайтда жамоаларимиз биргаликда сармоя киритадиган лойиҳаларни аниқламоқда”, – деди Илҳом Алиев.

Фото: Озарбойжон президенти матбуот хизмати

Озарбойжон президенти Қирғизистон ва Хитой билан биргаликда амалга оширилаётган темир йўл лойиҳаси ўрта коридор истиқболи учун ҳам муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

“Айни пайтда, бу темир йўлсиз ҳам ўзбек компаниялари учун Транскаспий йўналишидан фойдаланиш имкониятлари мавжуд, аммо улар буни катта ҳажмда амалга оширмаяпти. Ҳозирда биз транспорт инфратузилмасини рақамлаштириш билан боғлиқ масалалар, умумий тариф сиёсати устида фаол ишлаяпмиз ва бу янада самарадор бўлади. Маршрут вақт нуқтайи назаридан анча жозибали, аммо денгиз йўли билан солиштирганда рақобатбардош эмас, бу аниқ. Бизнинг вазифамиз маршрутни тижорат нуқтайи назаридан янада фойдали қилишдир. Бунинг учун, албатта, тарифлар бўйича қўшма сиёсат, рақамлаштириш лозим.

Биз Бокудан Грузия чегарасигача бўлган темир йўлни тўлиқ реконструкция қилишни якунладик. Поезднинг тезлиги бир неча йил олдинги 50-60 км/соатдан 120 км/соат етказилди. Шу билан бирга, менимча, бир-икки ой ичида Боку–Тбилиси–Карс темир йўлининг Грузия қисмини кенгайтириш ҳам тугайди ва бу 100 фоиз Озарбойжон сармояси ҳисобидан амалга оширилмоқда. Демак, бизда бу янги юкларни қабул қилиш учун имкониятлар бор, хусусан озод қилинган ҳудудлар, масалан, Зангилон орқали ўтадиган йўл. Эҳтимол, сиз мавжуд темир йўлни кўргандирсиз. Бу йўлни Арманистон орқали давом эттириш режаси бор эди, лекин улар рад этди. Шундан сўнг Эрон томони билан келишиб олдик ва аллақачон автомобиллар учун кўприк ҳам қуряпмиз, кейин эса Арманистонни айланиб ўтиш учун поезд кўприги ва Араз дарёсининг жанубий қирғоғида тахминан 50 километр масофада темир йўл қурамиз, кейин у Нахичеванга киради.

Бу Туркия темир йўл тизими билан боғланиш имконини беради, чунки бизга Туркия томони Карс-Нахичеван темир йўли қурилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди. Aйтиш мумкинки, бу ўрта коридорнинг яна бир кенгайтмаси бўлади. Бири Грузия орқали Карс ва Ўрта ер денгизи портларига, иккинчиси Зангилон, Эрон, Нахичеван ва яна Туркия орқали ўтади.

Фото: Озарбойжон президенти матбуот хизмати

Бу жисмоний имкониятларни оширади, Шу билан бирга, бу йўлни тижорат нуқтайи назаридан янада жозибадор қилишимиз керак. Шу мақсадда Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон ва Туркия ўртасида жуда самарали ҳамкорлик форматини яратдик. Ўйлайманки, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам ушбу форматга қўшилиш ҳақида ўйлаб кўрса, бу барчамиз учун яхши бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам катта салоҳиятга эга Евросиёнинг янги харитаси, янги транспорт харитаси.

Қорабоғни қайта тиклашга келсак, аслида асосий тўсиқ, бу – миналар. Бизнинг рақибимиз вақт, чунки буни имкон қадар тезроқ қилишни хоҳлаймиз. Бошқа тўсиқлар йўқ, молиявий ресурсларни жамлаганмиз. Қорабоғни қайта тиклаш сармоявий дастуримизнинг асосий қисми бўлади. Таққослаш учун айтмоқчиманки, Қорабоғни қайта тиклаш учун мамлакатнинг қолган қисмидан кўра кўпроқ сармоя жалб қилинади”, деди ​Илҳом Алиев.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил давомида Озарбойжонга уч марта ташриф билан борди.

Мавзуга оид