Ўзбекистон | 18:21 / 07.12.2023
4394
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева ЕИ парламентлари делегациялари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

БААнинг Дубай шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқи парламентлари делегациялари аъзолари билан учрашувлар ўтказди. 

Унда сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш масалаларида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида парламентлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. 

Австрия парламенти вакиллари қайта тикланадиган энергия манбалари, хусусан, шамол энергиясидан фойдаланиш йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди. 

Исландия делегацияси раҳбари билан учрашувда парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди. Исландия томони Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди. 

Полша Сенати аъзоси билан бўлиб ўтган мулоқотда экологик муаммоларнинг оқибатларини бартараф этиш йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Полша томони Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлашда ЕИ ижтимоий жамғармаси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди. Шунингдек, чўлланиб бораётган ҳудудларда ўрмон массивларини барпо этишда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. 

Руминия парламенти вакили билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш масаласи устувор бўлди. Шунингдек, икки томонлама муносабатларда таълим, қишлоқ хўжалиги, илмий тадқиқот йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. 

Словения делегацияси раҳбари билан бўлиб ўтган суҳбат давомида икки давлат парламентлари аъзолари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш орқали парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид