Иқтисодиёт | 16:57 / 08.12.2023
18986
4 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси Yandex Go'нинг бозордаги устун мавқейини тан олди

Аниқланишича, Ўзбекистонда такси агрегаторлари ва диспетчерлик хизматлари бозори юқори даражада концентрациялашган бўлиб, бу бозорнинг 86,3 фоиз улуши биргина Yandex Go ҳиссасига тўғри келади. Монополияга қарши орган эндиликда бу компаниянинг ўз устун мавқейини суиистеъмол қилмаслигини назорат қилиб бориши керак.

Фото: Yandex Go

Рақобат қўмитаси йўловчи ташиш учун буюртма жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозоридаги рақобат муҳитини ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Қўмитага кўра, ўрганишлар 2023 йилнинг иккинчи чорагида (яъни 2022 йил натижалари бўйича барча якуний ҳисоботлар шакллангандан сўнг) бошланган бўлиб, қуйидаги омиллар: бозорнинг ўзига хос хусусиятлари, республиканинг ҳар бир ҳудудида ушбу бозорнинг ривожланиши турли даражада экани ва алоҳида жиҳатлари борлиги, шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги янги қонунда устун мавқени аниқлаш мезонлари ўзгаргани таҳлилнинг боришига маълум даражада таъсир қилган.

Ўрганиш давомида, йўловчи ташиш (такси) учун буюртма жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорига қуйидагилар қамраб олинган:

  • веб-сайт ёки мобил илова ёрдамида буюртма бериш ва ҳайдовчини топиш имконини берувчи агрегатор хизматлари;
  • агрегатор хизматларининг ўрнини маълум даража босувчи телефон орқали диспетчерлик хизматлари.

Таҳлил жараёнида Ўзбекистон бўйича жами 66 та фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъект, шундан 58 таси диспетчерлик хизмати ва 8 таси мобил илова орқали агрегатор хизматини кўрсатаётгани маълум бўлган.

Аниқланишича, бозор улушлари ва кўрсатилган хизматлари юзасидан фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар ичида энг катта бозор улуши, яъни 86,3 фоизи Yandex Go платформаси ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, бозорнинг концентрацияси юзасидан ўтказилган таҳлилларда аниқланишича, мазкур хизмат бозорида саноқли иштирокчилар жами хизматнинг асосий қисмини кўрсатяпти ва бу бозордаги ҳолат, жумладан хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиш хавфи мавжуд..

“Шунга кўра, жорий йил 4 декабр куни қўмита томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига асосан “YandexGO UB” МЧЖ йўловчи ташиш (такси) учун буюртма жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект деб эътироф этилди.

Қўмита ушбу бозорда барча иштирокчилар томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни, инсофсиз рақобат, иқтисодий концентрация, устун мавқеини ва устун музокара кучини суиистеъмол қилиш каби ҳаракатларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли равишда мониторинг олиб боради”, – дейилади расмий ахборотда.

Антимонопол органга кўра, Ўзбекистондаги “Yandex Go” иловаси орқали кўрсатилган такси хизматларининг 2022 йилдаги молиявий натижалари юзасидан расмий статистик маълумотлар Ridetech International B.V. (Нидерландия) компанияси томонидан тақдим этилган.

Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга кўра, хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг бозордаги улуши 40 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этса, бу субъект ушбу бозорда устун мавқега эга деб ҳисобланади.

  • Солиқ қўмитасининг талабига кўра, Yandex Go платформасининг агрегаторлик хизматлари 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида солиқ резиденти –“YandexGo UB” МЧЖ томонидан тақдим этила бошланди.
  • Yandex Go 1 декабрдан эътиборан такси ва етказиб бериш хизматлари учун банк картаси орқали тўлов қилган мижозларга электрон чек берила бошлангани, айни пайтда нақд шаклда тўлов қилинганида ҳам мижозга чек бериш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди.
  • Yandex Go, шунингдек, солиқ тўлай бошлаши важи билан ҳайдовчилардан ундирадиган комиссияси миқдорини оширди.

Мавзуга оид