Ўзбекистон | 07:45 / 10.12.2023
7000
10 дақиқада ўқилади

Тошкентда IUCN ваколатхонасини очиш жараёни бошланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида қатор учрашувларда иштирок этди.

Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори доктор Гретел Агуилар билан учрашди.

Учрашув «Ўзбекистон» павилёнида бўлиб ўтди. Вазир доктор Г. Агиларни бош директор лавозимига тайинлангани билан табриклади ва IUCN билан яқин ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма экологик лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирди.

Учрашувда бугунги кунда умумий қиймати 22 млн доллардан ортиқ бўлган қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш бошлангани, шундан 2 таси миллий ва биттаси ҳудудий лойиҳа экани таъкидланди. Лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерларни тиклаш, Ўзбекистоннинг қимматли ландшафтлари экотизимларини яхшилаш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, инсоний ва институционал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматига Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон бой биохилма-хиллик ва маданий меросга эга бўлгани сабабли дунёнинг жуда муҳим қисмидир. Шундай экан, бундай давлат билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф, - деди доктор Гретел Агилар. - Шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияда (CМС COP14) иштирок этишни интиқлик билан кутамиз. IUCN бутун дунё бўйлаб ҳайвонларни ҳимоя қилиш, хусусан, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларнинг Қизил рўйхати ва муҳофаза қилинадиган ҳудудларни сақлаш борасида жуда кўп ишларни амалга оширади. Энг муҳими, биз IUCN’нинг Ўзбекистондаги Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси очилиш кунини бу қувончли лаҳзаларни ўзбек халқи билан баҳам кўриш учун интиқлик билан кутмоқдамиз. Шу боис, ушбу тадбир биз учун жуда муҳим ва Ўзбекистон ҳукуматига бизни қўллаб-қувватлаб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорга айлангани учун чуқур миннатдорлик билдирамиз».

Бундан ташқари, учрашувда табиатни муҳофаза қилиш ва бошқариш режаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш, IUCN методологиясига мувофиқ янгиланган Ўзбекистоннинг янги Қизил китобини нашр этиш, ташкилот мутахассислари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, Бонндаги Атроф-муҳит ҳуқуқи маркази, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бошқарувни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Қолаверса, Марказий Осиёда биринчи IUCN ваколатхонасини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

«Бу ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Келажакда бу идора МДҲ мамлакатлари учун Марказий Осиёда марказ бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ваколатхона Марказий Осиё давлатлари, ҳамкорлар ва экспертлар ҳамжамиятлари билан яқинроқ алоқа ўрнатиш имконини беради», дея қўшимча қилди вазир.

IUCN’нинг Тошкентдаги ваколатхонасининг очилиш маросими келгуси йилнинг феврал ойида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (CMS COP14) иштирокчилари томонлар конференциясининг 14-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган. COP14 давомида IUCN павилёни, қўшма тадбирлар ва кўргазмалар ҳам ташкил этилади.

IUCN келгуси йилда муҳим экологик конференциялар, жумладан, Абу Дабида 2024 йил 9-15 октябр кунлари Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш конгресси (WWC), Брюггеда (Белгия) эса 2024 йил 30 сентябрдан 10 октябргача Европа, Шимолий ва Марказий Осиё учун табиатни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий форум  бўлиб ўтиши таъкидлади.

Ўзбекистонда Central Asian Green University қошида этно-экологик тадқиқотлар маркази ташкил этилади

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида 5 декабр куни Дубайдаги (БАА) «Ўзбекистон» павилёнида «Этноэкология: иқлим ўзгаришига қарши курашда анъанавий амалиётлар ва маҳаллий билимлардан фойдаланиш» панел муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбирда БМТнинг Ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш форуми (UNFF) котибияти директори Жулиет Биао Куденукпо, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Central Asian Green University), дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг мақсади маданият, атроф-муҳит ва экология бўйича фанлараро тадқиқотларни ривожлантириш, маҳаллий ҳамжамиятларни ва уларнинг анъанавий билим тизимларини жалб қиладиган тадқиқотнинг афзалликлари ва хавфларини муҳокама қилиш, Central Asian Green University қошида Этно-экологик тадқиқотлар марказини ташкил этиш бўйича халқаро тажриба ва тавсиялар тўплашдир.

Тадбир давомида барқарор ривожланиш, маҳаллий шароитга мослашиш ва инклюзив экологик амалиёт учун этноэкологик ёндашувларнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Иқлим ўзгаришларини юмшатиш ва мослашишда этноэкологиянинг роли таъкидланди. Анъанавий экин навлари ва етиштириш усуллари, озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳаллий шароитга мослашган архитектура ва яйловларни бошқариш каби мавзуларга ҳам эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёнинг тоғлардан чўлгача бўлган хилма-хил ландшафтлари инсоният анъаналари билан қадимий тарихий алоқага эга бўлган ва тирикчилик, тиббиёт ва маданий безак каби турли мақсадларга хизмат қилувчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг бой ранг-баранглигини қўллаб-қувватлайди. 

Бироқ, Ўзбекистоннинг биологик хилма-хиллиги яшаш жойларининг йўқолиши, иқлим ўзгариши, ифлосланиш ҳамда урбанизация ва глобаллашувнинг салбий оқибатлари каби кўплаб таҳдидларга дуч келмоқда. Тўғридан тўғри сабаблар ноаниқ бўлса-да, биологик ва маданий хилма-хиллик ўзаро боғлиқ бўлиб, бирида пасайиш, иккинчисида қисқариш билан боғлиқ. Биологик ва маданий хилма-хиллик ўртасидаги мураккаб муносабатлар маҳаллий ҳамжамиятларни, анъанавий билимларни ва фанлараро тадқиқотларни бирлаштирган табиатни муҳофаза қилишга яхлит ёндашувни талаб қилади.

Аҳамиятига қарамай, маҳаллий экологик билимлар ва анъанавий экологик билимлар табиатни муҳофаза қилиш ёки барқарор ривожланиш назариясида кўпинча эътиборга олинмайди, бу биринчи навбатда анъанавий билимларнинг етарли даражада баҳоланмагани ва экологлар ҳамда антропологлар ўртасидаги ҳамкорлик чеклангани билан боғлиқ. Антропология, тилшунослик, биология ва сиёсат чорраҳасида бирлашган этноэкология бу бўшлиқларни бартараф қилади ва экотизим яхлитлигини сақлашда одамлар ва ёқилғи-энергетика комплексларининг динамик ролларига қаратилган фанлараро тадқиқотларни осонлаштиради.

Тадбир давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий меросни кенгайтириш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш кутилаётган фанлараро тадқиқотлар ва Марказий Осиёдаги маҳаллий ҳамжамиятлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўядиган бўлажак «Ўзбекистон этно-экологик тадқиқотлар маркази» тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек, соҳа мутахассислари маҳаллий амалиёт бўйича анъанавий билимлар ҳамда олинган кўникмалардан самарали фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар алмашди.

COP28: Миллий мослашув режаларини амалга оширишга қаратилган юқори даражадаги учрашув ташкил этилди

COP28 — БМТ иқлим конференцияси доирасида Миллий мослашув режаларини (MMR) амалга оширишга бағишланган юқори даражада тадбир ўтказилди. 

Унда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенсияси  (UNFCCC) Ижрочи директори Саймон Стилл, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиб ўринбосари, энг кам ривожланган мамлакатлар, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар ва ривожланаётган кичик орол давлатлари бўйича бошқармаси олий вакили Рабаб Фатима хоним, Чад Атроф-муҳит, балиқчилик ва барқарор ривожланиш вазири Муҳаммад Абдулкарим Ханно, Замбия Яшил иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазири Коллинз Нзову ва бошқалар иштирок этди. 

Тадбирда нутқ сўзлаган А. Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши бўйича самарали мослашув бўйича чора-тадбирлар кўриш тарафдори эканини билдирди. Шунингдек, конвенция котибияти билан MMR’ни ишлаб чиқишда ресурсларни жалб қилиш ва техник ёрдам кўрсатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Асосий мақсад мамлакатлар, жумладан, кам ривожланган давлатлар, ривожланаётган кичик орол давлатлари ва бошқа заиф мамлакатларга иқлим ўзгаришига мослашишга ёрдам берадиган ғоялар ва стратегияларни аниқлашга қаратилди. Шунингдек, иқлим барқарорлигига эришиш учун трансформация ва уни амалга оширишни жадаллаштиришнинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. 

UNFCCC ижрочи котиби Саймон Стилл иқлим барқарорлигига эришиш учун MMR муҳим эканлигини таъкидлади. Бошқа давлатлар вазирликлари раҳбарлари ҳам асосий мослашув масалалари бўйича ўз позицияларини билдирдилар. Муҳокамаларда асосий эътибор маблағлардан узоқ муддат фойдаланиш имкониятларига қаратилди.

Рабаб Фотима хоним ўз нутқида 2024 йил июн ойида Руанданинг Кигали шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТнинг учинчи конференциясида Миллий мослашув режалари ва минтақавий ҳамкорлик каби ташаббусларни илгари суриш лозимлигини қайд этди. Замбия Яшил иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазири Коллинз Нзову эса MMR’ни ривожланиш стратегияларига интеграциялаш учун салоҳиятни ошириш лозимлигини таъкидлаб, таклиф этилаётган механизмлар ва хавфларни баҳолашни соддалаштиришни таклиф қилди. 

Тадбир якунида БМТ Тараққиёт дастури томонидан 30 та давлатда Миллий мослашув режаларини ишлаб чиқиш қўллаб-қувватланиши борасида келишувга эришилди.

Мавзуга оид