Ўзбекистон | 15:50 / 11.12.2023
9372
2 дақиқада ўқилади

Fitch Тошкентнинг кредит рейтингини бекор қилди

Бунга пойтахтнинг рейтинг жараёнида иштирок этмасликка қарор қилгани сабаб бўлган.

Фото: Anadolu

Fitch Ratings агентлиги Тошкент шаҳрининг хорижий ва маҳаллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингининг “BB-” даражасидаги “Барқарор” прогнозини бекор қилди. Бунга Тошкентнинг рейтинг жараёнида иштирок этмасликка қарор қилгани сабаб сифатида келтирилган.

“Fitch энди рейтингни тузиш учун етарли маълумотга эга эмас. Шунга кўра, агентлик бундан буён Тошкент шаҳри учун рейтинг ва таҳлилий хабарларни тақдим этмайди”, дейилади Fitch Ratings изоҳида.

Халқаро рейтинг агентликларининг “катта учлиги” томонидан бериладиган кредит рейтинги шаҳарнинг инвестиция жалб қилишга лаёқатлилигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, расмийлар томонидан Fitchʼга маълумотлар тақдим этиш тўхтатилгани тушунарсиз.

Маълумот учун, 2019 йилнинг июн ойида Fitch Ratings агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида “Барқарор” прогнози билан узоқ муддатли “BB-“ рейтингини берганди.

Fitch Ratings АҚШ молиявий корпорацияси бўлиб, Standard & Poor’s ва Moody’s рейтинг агентликлари билан бир қаторда, учта энг нуфузли халқаро рейтинг агентлигидан бири сифатида маълум. Бундай агентликлардан ижобий рейтинг олиш шаҳар ёки давлатнинг инвесторлар олдида молиявий ишончлилиги кафолати ҳисобланади.

Мавзуга оид