Уруш бошидан бери ёпиб қўйилган Краснодар аэропорти очилиши мумкин
Краснодар аэропортини очиш тўғрисидаги қарор 15 декабр куни бўлиб ўтадиган «синов парвози»дан сўнг қабул қилинади, деб хабар қилди минтақа маъмурияти.
Украина уруши деярли икки йил аввал бошланганидан бери ёпиб қўйилган Краснодар халқаро аэропорти 15 декабрдаги «синов парвози»дан сўнг қайта очилиши мумкин, деди Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев 13 декабр, чоршанба куни Shot Telegram-каналига. Краснодар ўлкаси маъмурияти вилоят Транспорт ва йўллар вазирлигига таяниб, 15 декабр куни «синов парвози» режалаштирилганини, унинг натижаларига кўра аэропортни очиш имконияти тўғрисида қарор қабул қилинишини билдирди.
Shot'га кўра, «синов парвози» «Азимут» авиакомпанияси томонидан амалга оширилади, рейс Москванинг Внуково аэропортидан Краснодарнинг Пашковский аэропортига учади. Telegram-канал суҳбатдошининг таъкидлашича, «аслида Краснодарга парвозлар хавфсизлиги аллақачон текширилган», фақат «бир неча жиҳат» қолган.
«Азимут»ни ўз ичига олган «Аэродинамика» гуруҳи матбуот хизмати журналистларга компания «аэропорт тизимлари ва жиҳозларини текшириш учун техник парвозни амалга оширишга ариза топширганини» айтди. Шу билан бирга, авиакомпания алоқа маркази ходими РИА «Новости»га ушбу рейсга чипталар сотилмаслигини айтди.
Краснодар аэропорти очилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгандан сўнг, «Россия» авиакомпанияси ТАСС агентлигига парвозларни қайта тиклашга тайёрлигини маълум қилди. Агар аэропорт очилса, «Аэрофлот» Москвадан Краснодарга кунига тўрттагача рейсни амалга оширишга тайёр. «Победа» лоукостери агар аэропорт очилса, 2024 йилда янги йилдан кейин Краснодарга парвозларни қайта бошлаши мумкин.
Россия бўйлаб парвозларни чеклаш
Россиянинг жанубий ва марказий қисмларидаги аэропортларга парвозларга чекловлар Федерал ҳаво транспорти агентлиги томонидан 2022 йил 24 февралда – Украина уруши бошланган куни жорий этилган. Кейинчалик улар бир неча бор узайтирилди. Краснодардан ташқари Анапа, Белгород, Брянск, Воронеж, Геленжик, Курск, Липецк, Ростов-Дон, Симферопол ва Элиста аэропортлари ёпиқлигича қолмоқда.
2023 йилнинг май ва сентябр ойларида Россия ҳукумати 11 та ёпиқ аэропортни қўллаб-қувватлаш учун жами 5 миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратди.
Мавзуга оид
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
17:53 / 20.11.2024
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини реконструкция қилиш бошланди
20:03 / 18.11.2024
Европанинг энг гавжум аэропорти номи эълон қилинди
19:31 / 14.11.2024