Ўзбекистон | 14:31 / 15.12.2023
20699
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва бешта вилоятдаги газ заправкаларга киритилган қўшимча чекловлар юмшатилди

Сўнгги кунларда бу ҳудудларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг ярми вақтинча ёпилганди.

Фото: Kun.uz

15 декабрдан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШлар фаолиятига киритилган қўшимча чекловлар юмшатилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, улар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида иш фаолиятини давом эттиради.

«Ҳудудгазтаъминот»  томонидан ҳозирги вақтда табиий газни тенг тақсимлаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб бериш бўйича барча зарурий чоралар кўрилаётгани маълум қилинган.

«Табиий газ тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Аммо айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда ва истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. 2023 йилнинг 14 декабр куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 110,8 миллион куб метр табиий газ етказиб берилди. Бундан ташқари, суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2193 тонна ёқилғи етказилган», дейилади хабарда.

  • Декабрда совуқ тушиши билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида метан заправкалар фаолияти чекланган ва шохобчалар соат 8:00 дан 17:00 гача ишлай бошлаганди.
  • 8 декабр куни Энергетика вазирлиги ҳаво совиши муносабати билан бутун республика бўйлаб метан шохобчалар соат 6:00 дан 15:00 гача ишлашга ўтгани ҳақида хабар берди.
  • 12 декабрда ҳам АГТКШлар иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгилангани маълум қилинди.
  • 13 декабр куни эса аҳоли истеъмолчиларида узилишларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШларнинг фаолиятига қўшимча чекловлар киритилган ва уларнинг ярмининг фаолияти вақтинча тўхтатилганди. «Ҳудудгазтаъминот» ҳозирги вақтда белгиланган график бўйича 1179 тадан 547 АГТКШ ишлаётганини маълум қилганди
 

Мавзуга оид