“Эркакларни боши берк кўчага тиқиб қўймаяпмизми?” — руҳшунос ортиқча ҳашаматлар ҳақида
“Аёлларнинг талаблари кундан кунга ортиб боряпти. Тўйдаги талабларимиз, урф-одатларимизда ҳеч ким кутмаган фантазияларни ишга туширяпмиз – биз кимга жабр қиляпмиз?” – дея эркакларда юрак-ишемик касалликлари кўпайганини изоҳлади психолог Шоира Исоқова.
Эркакларда юрак-ишемик касалликларига чалиниш ҳолатларининг кўплиги улардаги оила масъулияти туфайли ўз саломатликларига вақт ва маблағ ажратмаётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда психолог Шоира Исоқова Kun.uz'га берган интервюсида айтиб ўтди.
“Эркакларимиз соғлиғига ҳеч қачон қарамайди. Улар кучига ишонади, мен кучлиман деб ўйлайди. Саломатлигида муаммоси бўлса ҳам, пул топиш, оилани боқиш кетидан югуриб ўзининг саломатлигини тиклашга на вақт, на маблағ, на бир шароит яратолмайди. Қариш процесси тезлашиб кетиш билан бирга, юрак-ишемик касалликларининг кўпайганига гувоҳ бўляпмиз.
Эркак кишининг соғлиги бўлмаса, оиласининг таъминотини қила олмайди. Улар ўзлари ҳам, ёнидаги аёллари ҳам буни тушунишлари керак.
Аёлларнинг талаблари кундан кунга ортиб боряпти. Тўйдаги талабларимиз, урф-одатларимизда ҳеч ким кутмаган фантазияларни ишга туширяпмиз – биз кимга жабр қиляпмиз? Биз эркакларимизни қийин вазиятга, боши берк кўчага тиқиб қўймаяпмизми? Яқинда бир тўйга бордим. Столнинг устида ҳамма нарсани тўлдириб ташлашган, уни егани ейилади – қолгани исроф бўлади. Кимнинг пулига келяпти?
“Хонадоннинг эркаги қани?” деб сўраганимда, бир кишини кўрсатишди. Бир четда, дастурхон солинмаган столда бир эркак бошини чангаллаб ўтирибди. Биз ортиқча ҳо-ю ҳавасларимиз, ҳашаматларимиз билан ёнимиздаги эркакни ташвишга, қийин вазиятга солиб қўймаяпмизмикан...”, – дея таъкидлайди руҳшунос.
Мавзуга оид
17:16 / 05.09.2024
“Битта фарзанд” сиёсатидан сўнг: хитойлик аёллар ҳалигача болали бўлишни хоҳламаяпти
18:00 / 02.09.2024
Хорижда уйланиб олган эр, тангликда қолдирилган она ва калтакланаётган бола – асл айбдор ким?
17:48 / 12.08.2024
Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр... Харобадаги Жаннат
07:36 / 25.07.2024