Спорт | 10:45 / 17.12.2023
62170
7 дақиқада ўқилади

АПЛда қўрқинчли воқеа. Ўйин вақтида футболчининг юраги тўхтаб қолди

«Лутон» ва «Борнмут» ўйини охиригача ўйналмай қолди.

Фото: Reuters

АПЛнинг 17-тури доирасида «Борнмут» ва «Лутон» учрашуви иккинчи бўлим ўрталарида нохуш воқеа туфайли тўхтатилди — меҳмонлар жамоаси сардори Том Локер ҳушидан кетиб қолди. 

62-дақиқада Локер ҳеч қандай тўқнашувсиз газонга қулаганида дастлаб атрофдаги футболчилар унинг олдига чопиб боришди ва захира ўриндиғидаги тиббиёт ходимларига сигнал бера бошлашди. «Лутон» бош мураббийи Роб Эдвардс ҳам воқеа жойига етиб келди. Шифокорлар Локерга шошилинч ёрдам кўрсатишга киришди.

Ўйин бош ҳаками Саймон Ҳупер ўйинни тўхтатди ва икки жамоа футболчиларини кийим алмаштириш хонасига олиб кетди. «Борнмут» жамоаси мухлислари рақиб ҳимоячисининг исмини айтиб, уни қўллаб-қувватлаб тушишди.

Футболчини замбилга ортган ҳолда майдондан олиб чиқиб кетишди, кўп ўтмай ўйинни қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. «Лутон»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида дарҳол қуйидагича изоҳ берилди: «Ўйинда танаффус юз берди. Том Локерга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Биз барчамиз сен биланмиз, Локс».

Sky Sports журналисти Гэри Тэпҳаус «Борнмут» шифокори Локер «ўзига келгани ва саволларга жавоб қайтараётгани» ҳақида айтганини хабар қилди. Ўйин вақтида футболчининг юраги уришдан тўхтаб қолгани маълум бўлди. Айни вақтда у шифохонага ётқизилган.

АПЛ расмий саҳифасида ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирилди: «Премер лиганинг «Борнмут» ва «Лутон Таун» футбол клублари ўртасидаги учрашуви футболчи билан боғлиқ тиббий ҳодиса туфайли бекор қилинди. Хаёлларимиз Том Локер ва бугунги ўйинда иштирок этган барча футболчилар билан».

Ўйин қолдирилганидан кейин жамоалар мухлисларга миннатдорчилик билдириш учун майдонга чиқишди. Бу вақтда трибуналар «Лутон» сардорининг фамилиясини айтиб уни олқишлашди.

Локер олдин ҳам ўйин вақтида ҳушини йўқотганди

Локер бундан олдин ҳам шундай ҳолатга тушганди. Жорий йил май ойи охирида Чемпионшип-2022/23 плей-офф босқичи финалида ҳам Локер ҳушини йўқотганди – ўшанда ҳам бу ҳеч қандай ташқи таъсирсиз бўлганди. Ўшанда 12-дақиқада у алмаштирилган – ўйин эса давом эттирилганди. 

Томни «Уэмбли»дан дарҳол шифохонага олиб боришган ва бу ерда у тўрт кун қолганди. Ўйин якунлангунича Локер ўзини яхши ҳис қила бошлаган ва жамоасининг Премер-лигага чиққанини нишонлаганди.

Футболчига юрак бўлмаси фибрилляцияси ташхиси қўйилганди – бу юрак ритми бузилиши билан боғлиқ кенг тарқалган ҳолат. Июн ойида уэлслик футболчининг бу муаммосини ҳал этиш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилганди.

Локер ким ўзи: АПЛда фақат 29 ёшига келиб дебют қилди, бир марта 26 соат ичида икки ўйинда майдонга тушган

Ҳозирда Том Локер 29 ёшда, аммо у АПЛда атиги 14 ўйин ўтказган. Ҳатто бешинчи дивизионда – Миллий лигада – у кўпроқ ўйнаган, «Бристол Роверс» сафида 44 ўйинда.

Локер Кардиффда туғилган ва футболдаги йўлини ҳам ўша ердан бошлаган: 11 ёшида «Кардифф Сити» академиясига қабул қилинган, 16 ёшидалигида у билан шартнома тузмасликка қарор қилишган – ҳимоя марказида ўйнаш учун бўйи паст деб ҳисоблашган. Эътиборли жиҳати, якунда айнан Том ўша клуб академиясининг АПЛда ўйнаш имконига эга бўлган сўнгги тарбияланувчиси бўлиб турганди.

«Кардифф»дан кетганидан кейин Локер 2011 йилда «Бристол Сити» академиясига қабул қилинади ва шу ердан катталар футболига қадам қўяди. Уэлслик ҳимоячи шу клубда дебют қилади ва клуб билан Миллий лигага тушиб кетади, шу клуб билан Биринчи лигага (учинчи дивизион) кўтарилади. У шу клубда ўйнаётганида Уэлс миллий жамоасига чақирув олади.

«Бристол»да ўйнаётганида Локер ОАВ эътиборига тушади. 2018 йил ноябрида ҳимоячи 26 соат ичида икки ўйинда майдонга тушганди: аввалига Уэлс миллий жамоаси сафида Тиранада Албанияга қарши ўйиннинг бошланғич таркибидан жой олади, бир кундан кўпроқ вақт ўтганида Англия лигаси кубогида «Бристол» сафида захирадан майдонга тушади.

Чемпионшипга фақат «Чарлтон»га ўтганида чиқишга эришади. Бу клубда деярли тўлиқ мавсум ўтказади (фақат дисквалификация туфайли уч ўйинда қатнаша олмайди). Якунда жамоа қуйи лигага тушиб кетади, Том эса лигада қолади – эркин агент сифатида «Лутон»га ўтади. У бу жамоада тезда асосий марказий ҳимоячига айланади ва Европа чемпионати ва жаҳон чемпионатига боради (икки турнирда ҳам захира футболчиси бўлиб қолади) ва АПЛга етиб келади.

Тўғри, бу АПЛга чиқиш учун ўтказилган Чемпионшип плей-оффи финалида ҳушидан кетиши орқали кечади. Ўйиндан кейинги интервю вақтида «Лутон» бош мураббийи Роб Эдвардсга Томнинг шифохонада оиласи билан бирга АПЛ йўлланмасини нишонлаётгани акс этган суратни кўрсатишади – коуч йиғлаб юборади.

Июнда Локер билан шартнома муддати якунланганди, аммо клуб келишувни узайтиришга қарор қилганди. Қолаверса, Томга сардорлик боғичи берилганди. Ва у бу мавсумда 17 турдан 15 тасида бошланғич таркибда майдонга тушганди. Лекин бу сафарги ҳодисадан кейин эса унинг футболчилик фаолиятини давом эттириши катта сўроқ остида қолмоқда.

«Лутон» — АПЛга шу мавсумда қуйи лигадан чиқиб келган жамоа бўлиб, бунгача ҳеч қачон бу турнирда иштирок этмаган. Жамоа биринчи галда ўз стадиони билан машҳур — турар жой бинолари орасида жойлашган ихчамгина «Кенилворт Роуд»га фақат 10 минг томошабин сиғиши мумкин. Шунга қарамай, жамоа бой тарихга эга — у «Арсенал» ва «Челси»дан олдинроқ тузилган ҳамда Англия жанубида ўйинлари учун пул тўлай бошлаган илк жамоа ҳисобланади.

Мавзуга оид