Спорт | 12:05
2753
7 дақиқада ўқилади

«Тоттенҳэм» финалда «МЮ»дан устун келди ва мавсумни қутқариб қолди

Постекўғли яна иккинчи мавсумида титул қўлга киритди, «шпорлар» учун бу 2008 йилдан буён биринчи соврин бўлди.

Фото: Pics Action/NurPhoto via Getty Images

«Тоттенҳэм» – Европа лигаси ғолиби! «Шпорлар» XXI асрдаги иккинчи, 2008 йилдан буён илк совринини қўлга киритди, лондонликлар 17 йил муқаддам Англия лигаси кубогига эга чиқишганди. Энди бу жамоа кейинги мавсумда Англиянинг Чемпионлар лигасининг кейинги мавсумидаги олтинчи вакили сифатида иштирок этади.

«Тоттенҳэм» – «Манчестер Юнайтед» 1:0
Гол:
Жонсон 42.
«Тоттенҳэм»: Викарио, Порро, Ромеро, Ван де Вен, Удоги (Спенс 90), Сарр (Грэй, 90), Биссума, Бентанкур, Жонсон (Дансо 78), Соланке, Ришарлисон (Сон 67).
«Манчестер Юнайтед»: Онана, Йоро, Магуайр, Шоу, Мазравий (Далот 85), Каземиро, Фернандеш, Доргу (Майну, 90), Диалло, Ҳойлунд (Зиркзее 71), Маунт (Гарначо 71).
Огоҳлантиришлар: Ван де Вен 49, Ришарлисон 58, Биссума 68 – Диалло 35, Зиркзее 84, Магуайр 88, Эванс 90.

«Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» илк дақиқаларданоқ классик инглизча футбол намойиш этишга киришди. Икки томонлама прессинг, кўплаб яккакурашлар ва стандарт вазиятлар, ҳужумларни ривожлантиришда асосан узун узатмалардан фойдаланиш ва бу орқали рискни минималлаштириш. Ташаббус у томондан бу томонга ўтиб турди – томонлар навбати билан ҳудудий устунликка эгалик қилиб турди. Манкунианликлар нисбатан кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилишди, аммо бу асосан майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган қисмида ва майдон марказида кузатилди. Ангелос Постекўғли жамоаси эса майдоннинг учинчи қисмига рақибга қараганда бироз кўпроқ узатмалар берди. Умуман олганда, ҳисоб 0:0 ҳолатида майдонда тенг ўйин бўлди.

Шунга қарамай, «Тоттенҳэм»нинг вазиятлари хавфлироқ тус олди. Рубен Аморим жамоаси ўйиннинг дастлабки қисмидаёқ индивидуал хато туфайли гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Дарвозабон Онана Порронинг кроссидан кейин тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди – агар Мазравий охиригача ҳаракат қилиб, тўпни рақиб бошидан олиб қўймаганида гол бўлиши деярли аниқ эди. Кейин эса Магуайр ноқулай паси билан рақибнинг қарши ҳужумига сабабчи бўлди, аммо ўз хатосини ўзи тузатиб, зарба йўлини тўсишга улгурди.

«Манчестер Юнайтед» тўпни олдинга олиб боришда ўз латералларини ишга солиб, «шпорлар» мудофаасини қанотлар орқали бузиб ўтишга ҳаракат қилди. Чап қанотда Доргу фаоллик кўрсатди, ўнгда эса айниқса Диалло «Тоттенҳэм» ҳимоячиларига кун бермади. Ҳимоячилар манкунианликларнинг дриблёрини катта қийинчилик билан тўхтатиб туришди. Биринчи бўлимда айнан Амадда гол уриш учун яққол вазият юзага келганди, бурчак зарбаси ижро этилганида Викарио тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, аммо Диаллонинг зарбаси хато кетди.

«Тоттенҳэм» эса 42-дақиқада ўз мақсадига эришди. Сарр марказда Брунунинг узатмасига эга чиқиб, олдинга борди тўпни чап қанотдаги Ришарлисонга етказди, у жарима майдонига ёриб кирган Бентанкурни тўп билан таъминлади, аргентиналик яримҳимоячидан эса тўп қанотга келиб қолган Саррга қайтиб келди, ҳужумни бошлаб берган футболчи дарвозабон майдончасига етиб келган Жонсонга узатма берди, ҳужумнинг якуний босқичида «Тоттенҳэм»нинг омади келди. Жонсон кўнгилдагидек зарба беролмади, аммо тўп Шоунинг қўли орқали дарвоза тўрига бориб тушди. Онана бунга тайёр эмасди. Бу «шпорлар»нинг биринчи бўлим давомидаги дарвоза соҳасига тўғри борган биринчи ва ягона зарбаси эди.

Фото: Pics Action/NurPhoto via Getty Images

Танаффусдан кейин йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган «Манчестер Юнайтед» кучли босим уюштирди. Постекўғли жамоаси эса тўпни топширган ҳолда яхши ҳимояланди. 47-дақиқада Ҳойлунд Диаллонинг пасидан кейин қулай позициядан туриб етарлича яхши зарба беролмади – бу «МЮ» марказий форвардининг рақиб жарима майдони ичида илк бор тўпга тегиниши эди. Даниялик футболчи иккинчи бўлим ўрталарида супершансни ҳам йўққа чиқарди. Викарио яна бир бор тўпга чиқишда хато қилди, Ҳойлунд бўш дарвозага бош билан зарба йўллади, аммо ван де Вен акробатик сакраш билан тўпга етиб бориб, уни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди.

Фото: Pics Action/NurPhoto via Getty Images

«Тоттенҳэм» амалда қарши ўйин таклиф этмади ва ҳисобни сақлаш учун ўйнади. Шу куни ҳужумнинг чап қанотида туширилган Ришарлисон чарчаб қолди ва 67-дақиқадаёқ алмаштирилди, унинг ўрнига жароҳатидан энди тузалган жамоа сардори Сон Хин Мин туширилди. Ўйин охирларига бориб «шпорлар»да ҳам қарши ҳужум уюштириш имконияти юзага келди. Удожи Соланкени рақиб жарима майдонига олиб кирди, Доминик эса тўпни ўзига бўйсундира олмасдан, вазиятни йўққа чиқарди. Бу «Тоттенҳэм» марказий форвардининг «МЮ» жарима майдонида илк бор тўп билан муомила қилиши эди.

Вақт ўтган сайин «шпорлар» қаршилик кўрсатишда қийналишди. «Тоттенҳэм» устози бу муаммога учинчи марказий ҳимоячини тушириш ва ўйинни бутунлай қуритиб ташлаш орқали ечим топди. Ўзининг ҳужумкор футболга муҳаббати туфайли натижаларни қурбон қилгани учун танқид қилинган «романтик» Постекўғли сўнгги вақтларда ўз принципларига қарши борди ва финал ўйинида бундай ўйин таклиф этишдан тортинмади.

Иккинчи бўлим давомида лондонликлар манкунианликлар дарвозаси томон бирор марта аниқ зарба йўлламади, якунда зарбалар бўйича яққол ортда қолишди – 3:16 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича  – 1:6). Шунга қарамай, «МЮ»да қутқарувчи голни уриш учун ғоя ҳам, савия ҳам топилмади. «Тоттенҳэм» футболчилари юқоридан узатилган барча тўпларни ўзиники қилди, форвардга айланган Магуайрнинг ҳам бу сафар ишлари юришмади. Шоу сўнгги ҳужумлардан бирида тўп учун курашдан устун келганида эса Викарио ўзини кўрсатди. Дарвозабонларнинг мўъжизавий сейвларисиз бундай ўйинларда ғалаба қозониб бўлмайди. Постекўғли алдамади – у чиндан ҳам ўзининг иккинчи мавсумида соврин ютадиган мураббий. Унинг башорати амалга ошди. «Тоттенҳэм» АПЛни 17-ўринда якунлаётганига қарамай, мавсумда совринсиз қолмади ва кейинги мавсум ЕЧЛда иштирок этадиган бўлди.

Мавзуга оид