Ўзбекистон | 17:52 / 18.12.2023
34908
2 дақиқада ўқилади

Бекобод туман ҳокими қамоққа олинди — манба

Kun.uz манбасига кўра, ҳоким лавозимига 4 ой олдин тайинланган Шуҳрат Мирзаев бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Умуман, охирги бир ой ичида коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида ўнга яқин мансабдор ҳибсга олинган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев жиноят ишида гумонланмоқда. Kun.uz манбасига кўра, у коррупцияга қарши курашиш тадбири доирасида қўлга олинган. Ҳокимга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мирзаев Бекобод тумани ҳокими лавозимига шу йил 7 августда тайинланган эди. Унгача Қишлоққурилишбанк Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Олдинроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб тергов қилинаётгани ва жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани хабар қилинганди.

Kun.uz манбасининг қўшимча қилишича, коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида охирги бир ойда ўнга яқин мансабдор терговга жалб этилган.

  • Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 2004 йил Тошкент молия институти, 2007 йил Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали, 2009 йил президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияларини тамомлаган.

 

Мавзуга оид