Ўзбекистон | 15:49 / 01.04.2025
14669
10 дақиқада ўқилади

Бекободлик фермерлар “ёрилди”

Қишлоқ хўжалигини тўғри ислоҳ қилиш, эски даврдан қолиб кетган услублар ва бошбошдоқликдан воз кечиш давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан бири. Kun.uz таҳририятга келган бекободлик икки фермернинг дардини тинглади. Айтиш мумкинки, бу фермерлар гапириб берган муаммолар бошқа туманларда учрамайди, деб бўлмайди.

Назира опа, муаммоларингизни гапириб берсангиз.

Назира Боқиева, “Боқиева Назира” фермер хўжалиги раҳбари: Мен Тошкент вилояти Бекобод туманидаги "Боқиева Назира" фермер хўжалиги раҳбариман. 84 гектар ерда фермер хўжалик раҳбари бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ёлғиз онаман, иккинчи гуруҳ ногирониман. 39 йилдан бери мана шу фермер хўжалик раҳбари бўлиб, ишлаб келмоқдаман ва шу кунгача “план”ларни 150-170 фоизгача бажариб келяпман. Ҳозирги кунда 38 гектар буғдой етиштиряпман, қолган еримда эса – пахта. Пахтада ҳар йили биринчи ўринда турамиз. Вилоят ва республика раҳбарлари мени танийди ва ҳурмат қилади.

2020-21 йилгача биз жуда яхши ишладик. Уч кунда пулимиз келарди. 2020 йилда кластер келди. Биринчи «APK Bekobod» кластерида Баҳромжон иш бошлади, биринчи ўринда пахтани, ғаллани «Рич» кластери Мақсудбек бошлади. Кейин давлат хариди учун 33 фоизини ажратишини айтди, қолган 67 фоизини эса «Рич» кластерга топширасизлар деди, шартнома туздик.

Пахтани биринчи сорт билан, биринчи теримда олий навларга топширдик. Мана уч йил бўлди, ҳали пахтамизнинг пулини бергани йўқ. Суд бўлди, суд қарор чиқарди. 1 миллиард 117 миллион ҳақдорлигимдан 210 миллионни ололмадим. Мажбурий ижро хатлари қўлимда турибди. Кейин «Рич» кластер буғдойимизни олди, у ҳам яримчала қилиб берди, қолган қарздорлигимизни ҳали беришни режалаштиргани йўқ. Вилоят, туман прокуратураларига мурожаат қилсак, “опа, булар банкрот бўлди, қарздорлик билан чиқди, тўлай олмайди”, дейишди. Ҳозир бир оддий фуқаро «Агробанк»дан кредит олса, кафил ёки гаров қўйиши керак. Бу кластер катта-катта ерларни олиб, минглаб фермерларни ишлатса, шартнома тузиб фермер режасини бажарса, нима учун қарздорликка чиқади? Биронта раҳбар келиб текширмаса. Шу шикоятни кўриб чиқайлик деб юқоридан ёки туманга комиссия бириктирилиб, қарздорлик кластер томонидан бўлмоқдами ёки фермер томондан, деб текширмаса. Кластер банкрот бўлса, айб бизда эмас, тўлашсин. Биз ўша харажатлар эвазига пулни олиб келаси йилга тайёргарлик кўриб, яна пахта етиштирамиз ва ишини давом эттирамиз. Ариқларни тозалаш керак. Мана, президентимиз айтади: “Ариқзовларни бетон қилинглар, кўчат экинглар, техника олинглар, маҳаллаларга кам таъминланган оилаларга ёрдам беринглар”.

“Bekobod Rice klaster” кластерига мурожаат қилдик, улар “APK Bekobod” – Баҳромжон банкрот бўлди”, деди. Банкрот бўлгани билан тумандан кетгани йўқ-ку, кластерни алмаштириб, яна ишда давом эттиряпти. Банкрот бўлса, нега кетмайди? Иккинчи корхонани қабул қилиб оляпти, қарзи бўла туриб, бошқа кластерни оляпти. У корхона ҳам ишлаяпти, буниси ҳам. Нега қарздор бўлса кетмайди, нега корхонани тарк этмайди? Ишлаяпти-ку! Фермерларга ҳақини бермаслик учун мана шунақа ўйинлар қиляпти. Rice ҳам шу: “опажон, тўлайман, ўрнига солярка, дори бераман” деди. Рози бўлдим, аммо ҳеч нарса бермади. Суднинг қарорлари, печати, имзоси билан ҳаммаси қўлимда турибди.

Мажбурий ижро ходимларидан хафаман: нима учун фермер қарздор бўлса, суд қарор чиқаргандан кейин сиқувга олишади, аммо кластерни... Камбағаллар қарз бўлса банкдан сигир-бузоғи, гилами, телевизоригача кўтариб чиқиб кетасизлар. Лекин кластерга унақа муносабат – йўқ! Кластернинг мол-мулки бордир, гаровга қўяётган нарсаси бордир ёки кафил бўлган бирон катта раҳбари бордир? Кўтаринглар, суриштиринглар.

Туман, вилояти бўйича бутун фермерлар хонавайрон бўлиши шарт эмас-ку! Кеча менинг хафа бўлганим: туман ҳокими солиқ идорасига ҳаммани йиғиб олиб, “сувдан тўққиз миллион қарзингиз бор экан, аризангизни ёзинг”, деди. Менга “кечгача нимангизни сотсангиз ҳам, тўланг, бўлмаса печатингизни топширасиз, ерингизни топширасиз” деди. Мен шу ерни деб тамом соғлиғимдан айрилдим, ер деб ҳаётимдан кечдим, турмушга чиқсам, эртага эркак киши рашк қилади, қўймайди, далага бормайсан, дедим. Ҳаётимдан кечиб, далани танладим. Ўлсам ҳам далада ўламан.

Тўртта “Баер” тракторим бор, “Арион” тракторим бор, юз фоиз техникам етарли. Мен нима оламан давлатдан? Ариқдан сув оламан, у ҳам минг ҳунар билан келади. Давлатдан ҳеч нарса олмайман. Ўз маблағимдан “план”ни ортиғи билан бажариб келяпман. 

Кластер ходимлари жуда қийнаб юборди бизни. “OQTOSH” кластерининг (тарозисига) бир кун бордим, светни ўчириб қўйиб, торози кўринмаслиги учун шоли билан буғдойда тележкага солиб, камерани ўчириб, айланиб кўчадан чиқиб, торозидан ўтказади, кейин свет ва камерани ёқади. Бу нима деган гап?

Бунақа ёпишмаган ямоқ кластерларнинг нима кераги бор? Яна идорага эга бўлиб, қанча давлатнинг маблағини расво қилиб, шунча фермерни алдаяпти, туман-вилоятга зарари тегяпти. Йўқолсин кластер! Керак эмас, кластер. Ўзимиз давлатга топширайлик, донимизни, пахтамизни, юзимизни ёруғ қилиб. Президентимизга минг раҳмат! Шунча шароитлар қилиб беряпти. Лекин кластер ҳаммасини барбод қилиб ташлаяпти. Йўл бермаяпти бизга.

Мана уруғларнинг ҳам сифатсизини олиб келади, ўғит ҳам сифатсизини олиб келади. Бечора фермерлар, мен ҳам шундай аҳволдаман. Икки кунлаб кувалда билан эзолмаяпмиз, шу даражадаги дориларни олиб келади. Магазинда 230 мингдан сотадилар, улар эса бизга 280 минг қилиб сотяпти. «Брак»ни, ишга яроқсиз дориларни. Олиб бориб кўрсатдим прокурорга. “Ариза ёзинг, дорининг нархини қайтартириб, ўчиртириб ташлаймиз”, деди. Лекин ҳеч нарса бўлгани йўқ, шу ҳолатда қолиб кетди.

Бу кластер дастидан ҳамма фермер дод деяпти. Кучинг етмаса нима қиласан халққа азоб бериб? Шунча маблағни расво қилиб. Бекобод тумани ҳар доим олдинда бўлган. Кластер келгандан бери – 30 фоиз бажаради, фермерга қўйиб берса 70 етмиш фоиз бажаради. Ҳозир мана, хитойликлар босиб кетди, улар ҳам биринчи терим пахтани шундоқ ҳайдаб ташлади. Кластерлар ерида мол юрибди, биронта раҳбар қарамайди. Фермернинг ерида мол юрсин-чи...

Жумабой ака, нима қўшимча қиласиз?

Жумабой Бобоев, «Меҳнатобод» фермер хўжалиги раҳбари: Мен йигирма саккиз йилдан бери Бекобод туманида фермер хўжалиги фаолиятини юритиб келаман. Назиранинг гапларига юз фоиз қўшиламан. Назира куйиб-ёниб ҳалол меҳнати билан машҳур бўлган, аммо жабр кўраётган фермер. Аммо битта у Назар эмас, Бекобод туманидаги юзлаб, юздан ортиқ фермерларнинг дарди бир, фиғони бир.

Ерга меҳр қўйган, ерини суйган фермер, ҳеч қачон ерини хор қилмайди. Ерини хор қилмаган инсон хор бўлиши керак эмас.

Ҳозир, туманда нечта фермернинг ҳақдорлиги бор?

- Юзтадан саксон-тўқсонтаси ҳақдор, кластер қарздор. Агар кредит олганлари бўлса, Агробанкка бориб шуни кластерга ўтказади. “Фермер хўжалиги мендан 100 миллион, 50 миллион, балки 10 миллион қарзи бор”, деб ўша ердан ўзи юлиб олади. Агробанк ўз ҳаққини суғуриб олади, қолгани қолиб кетади.

Ўтган куни кўрсатув қилдик, Хитойни ўрганиб келган мутахассисдан сўраяпман: “Хитойда ҳоким аралашадими ишига?” десам, “Хитойда фермер ҳокимни ҳатто танимайди,” деяпти. Хитойни коммунистик партия бошқараётган бўлса-да, у ерда режа йўқ экан. Фермернинг бўйнида ҳеч қандай режа йўқ. Маҳсулотини етиштиради, бозор муносабатларидан келиб чиқиб, ўз манфаатини кўзлаб, ишлайди ва бирйўла жамият фойдасига ҳам хизмат қилади. Қани, нима деб ўйлайсизлар, бизда ҳам шуни қилсак, қандай бўлади?

Назира Боқиева: Яхши бўларди.

Жумабой Бобоев: Мен бунга қўшимча қилмоқчиман. Раҳмат саволингиз учун. Ўша Хитой, бошқа қишлоқ хўжалигини ривожлантирган чет эл давлатларга тенглашишимиз учун, уларни ўрганишимиз лозим. Биздан қишлоқда ишлаётган деҳқон фермер хўжаликларининг иш фаолиятига туман раҳбарлиги томонидан аралашув бор, режа бор, кейин “размешения” ҳам мавжуд. Мана, мунча гектарда боғ эк, пахта экадиган пайти – яроқли бўлмаган жойларга баҳор пайти мунча гектарда пахта эк, деб, туман ҳокимлари ўз манфаатини, обрўсини, мансабини устун қўйиб, режа учун планлаштириш. Бунақада қандай фермернинг бир икки бўлади? Ернинг эгаси фермер ва у ўз манфаатлари учун қайси ерига, қайси контурдаги ерига, ҳолатига қараб, қандай экиш кераклигини яхши билади. Синаб кўрайлик шуни.

Нима деб ўйлайсизлар, ўзбек фермери бунга қодир эмасми?

Жумабой Бобоев: Албатта қодир. Фермернинг бошида туриб бошқаришса, у нима қилишни билолмайди. Ишлашга кайфияти ҳам бўлмайди.

Шокир Шарипов ва Камолиддин Икромов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид