Ўзбекистон | 14:43 / 18.12.2023
18733
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокимига икки ўринбосар тайинланди 

Наманган шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Ғофур Жамолов вилоят ҳокими ўринбосари сифатида иш бошлади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ғофур Орифжонович Жамолов Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда 18 декабр куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди. 
  
Ғофур Жамолов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1997 йилда Наманган саноат-технология институти, 2006 йилда президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Наманган шаҳар ҳокимлигининг «Иқтисодстат» бошқармаси мутахассиси вазифасидан бошлаган.

2008–2009 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари котибияти мудири, 2009–2012 йилларда Иқтисодиёт вазирлиги Демография ва меҳнат бозори бўлими бош мутахассиси, 2012–2017 йилларда Иқтисодиёт вазирлигининг уй жой, коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи, 2017-2020 йилларда Уй-жой, коммунал хизмат вазирининг ўринбосари, 2020–2021 йилларда эса Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган. 

2021 йилдан ҳозирги вақтгача Наманган шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, вилоят ҳокими қарори билан Жамшид Хатамов Наманган вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Жамшид Хатамов

Жамшид Хатамов бунгача Фарғона вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

У энди 2019 йил майидан буён Наманган вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Жамолиддин Каримович Алойдинов ўрнида иш бошлади.

Мавзуга оид