Жаҳон | 15:13 / 21.12.2023
18423
4 дақиқада ўқилади

Чойнинг инсонларга фойдаси: XVIII асрда у касалликларни енгишга ёрдам берган

Буюк Британияда 18-асрда чой ичимлиги оммалашади. Ҳали санитария талабларига жавоб бермайдиган шаҳарларда чой истеъмоли сабаб ўлим кўрсаткичи сезиларли пасаяди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Чой 18-асрда тезлик билан Британия империясининг қимматбаҳо ресурсларидан бирига айланади. У ўша даврларда кутилмаган тарзда одамларни ўлимдан асраб қолган бўлиши ҳам мумкин.

Чой Хитойда милоддан аввалги мингйилликлардан истеъмол қилинган бўлса-да, у Буюк Британияга анчайин кеч – 17-асрда кириб келади. Европага эса 1610 йилда илк марта португал ва голланд савдогарлар олиб келишган. Ҳозирда чой Британияда энг севимли ичимлик ҳисобланади.

Бу ичимлик ўз даврида жуда кўп ролларда бўлган: глобар товар, тасалли берувчи ичимлик, зулмкор сиёсат рамзи. Бироқ чойнинг одамлар ҳаётини асраб қолгани кўпчиликка маълум эмас.

Колорадо университети иқтисодчиси Франсиска Антманнинг ўрганишларига кўра, чой 1700 йилларда уни ичган кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлиши мумкин. Бу чойдаги антиоксидантлар ёки ундаги бошқа фойдали моддалар сабабли юз бермаган.

Ҳаммаси оддий: одамлар сувни қайнатиш сув орқали юқадиган патогенлардан ҳимоя эканини тушунмаган бир даврда чой ичиш учун сув қайнатилган. Ва бу амалиёт кўпчиликни эрта ўлимдан асраб қолган.

Бу даврдаги инглиз демографияси тарихчилар учун узоқ вақтдан бери ечилмаган жумбоқ бўлиб қолмоқда. 1761 йилдан то 1834 йилгача йиллик ўлим кўрсаткичи анча паст бўлган: бу даврда ҳар 1000 кишига 28, 25 та ўлим ҳолати тўғри келади. Бироқ бу муддатда яшаш стандартлари ва ойлик маошлар ошмаганди. Саноат инқилоби даврида кўпдан кўп одамлар шаҳарларга тўпланган ва у ерларда санитария ҳам кўпда орзу эди.

Мана шу ўринда чой ичиш одатининг шакллангани ўлим камайишининг асосий сабаби бўлиб юзага чиқиши мумкин. Сабаби одамлар чой ичиш учун сувни қайнатишган. Қайнаган сув эса диарея касалликларига сабаб бўладиган бактерияларни ўлдиради.

"Шаҳарларда одам кўпайгани ва улардаги санитария даражаси ҳисобга олинса, ўша пайтдаги энг катта қотил сув эди, деб айтиш мумкин”, дейди Франсиска Антман. Лекин назарий жиҳатдан қизиқарли бўлган бу қарашни тўла исботлаш ҳали ҳам қийин.

Иқтисодчи ўз фикрини исботлаш учун географик маълумотлардан фойдаланади. Унга кўра, кўпроқ сув ресурслари бор дегани тозароқ сув борлигини англатади. Чунки черков аҳолиси бир сув манбаси ифлосланса, бошқасига бориб фойдаланишган. Яна дарё бўйида яшаганлар қуйи оқим бўйлаб яшаганларга қараганда хавфсизроқ сув манбаларига эга бўлишган. Ва суви ифлосроқ ҳудудларда ўлим кўрсаткичи ҳам юқорироқ бўлган.

Ўлим кўрсаткичининг сувга боғлиқлигига оид калит санага эътибор қаратиш зарур: 1874 йилда чойга оид акт кучга киргач, чой солиғи 119 фоиздан 12,5 фоизга туширилади ва шундан кейин унинг истеъмоли бирданига "портлади". 18-аср охирида ўта камбағал деҳқонлар ҳам кунига 2 марта чой ича олишган.

Антман ўлим кўрсаткичи камайишининг чой истеъмолига боғлиқлигини топиш учун айни чой оммалашган шу йилдан олдинги ва кейинги даврлардаги ўлим кўрсаткичларини солиштиради. Ва далиллар ҳар иккала турдаги: тоза ва ифлос сув истеъмол қилинадиган ҳудудларда ҳам ўлим кўрсаткичи пасайганини кўрсатади. Чой импорти кўпайиши сув орқали юқадиган касалликлардан ўлишни камайтиради.

Яна гўдаклар орасида ҳам ўлим кўрсаткичида пасайиш кузатилган. Эҳтимол, катталарнинг чой истеъмол қилиши орқали уларнинг сувдан юқадиган касалликлардан маълум даражада ҳимояланиши болаларни ҳам асраб қолган бўлиши мумкин. Лекин буни исботлаш деярли имконсиз. 

Мавзуга оид