Ўзбекистон | 15:55 / 21.12.2023
16614
3 дақиқада ўқилади

Мактабдаёқ унаштирилаётган қизлар: бундай ҳолатлар назоратга олиниши айтилди

Ижтимоий тармоқларда 2009 йилда туғилган қизнинг унаштируви дея эълон қилинган видео ортидан бундай ҳолатлар кам эмаслиги аён бўлмоқда. Буни расмийлар ҳам тасдиқлаяпти. Лекин вояга етмаган фарзандини унаштирганлик учун қонунларда жавобгарлик белгиланмаган.

Шу кунларда Қашқадарёнинг Кўкдала туманида 7-синф ўқувчисининг унаштируви дея талқин қилинган видео кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Қизнинг ота-онаси расмийлар билан суҳбатда бу ёлғон маълумот эканини, маросим унаштирув эмас, қизнинг туғилган куни эканини айтган.

Жамоатчилик фаоллари эса бунга шубҳа билдириб, республикамизнинг кўплаб ҳудудларида эрта унаштирувнинг борлиги: улар қулоқ тишлар, бешиккетти, бошини боғлаш каби номлар билан ҳали-ҳануз қўлланаётганини айтишмоқда.

Ҳуқуқшунос Камола Алиевага кўра, ҳозирда бундай вазиятларда ота-оналарга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўллашнинг имкони йўқ.

“Қашқадарё вилоятидаги ҳолат – қонунчилик нуқтайи назаридан ҳеч қандай жазога тортиб бўлмайдиган ҳолат. Унаштирув деган гумон билан борилган, лекин никоҳ ўқитилгани ёки расмийлаштирилгани ҳақида маълумот йўқ. Видеода “бахтли бўлинглар”, “қўша қаринглар” деган тилакларни кўряпмиз. Бу туғилган кунларда айтилмайди. Бу ерда вояга етмаган қизнинг унаштирув маросими деб ўйладик. Аммо қонунчиликда унаштирув маросимини ўтказганлик учун (гарчи у вояга етмаган шахс билан бўлса ҳам) жавобгарлик белгиланмаган”, – дейди у.

Воқеа юзасидан суриштирув ўтказган Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳудудда бу каби ҳолатлар рўй бериб туришини тасдиқлаб, бундан кейин назоратга олинишини айтди.

Kun.uz суҳбатлашган сурхондарёлик фаоллардан бирига кўра, воҳа вилоятларида 18 ёшга тўлмаган қизларни турмушга узатиш, ёшлигидан унаштириб қўйиш кўп учрайди.

“Сариосиё туманида ҳам бундай ҳолатлар кўп кузатиляпти, лекин эътибор берилмаяпти. 2023 йилнинг ўзида айнан шаръий никоҳ билан Сарижар маҳалласидаги 35-мактабда 2007 йилда туғилган қиз турмушга чиқди. Келажак сари маҳалласидаги 19-мактабда 2 нафар 2006 йилда туғилган қизлар ҳам узатилди.

2007 йилда туғилган қизнинг ҳозир қиз фарзанди ҳам бор. 2006 йилда туғилган қизларнинг бирини тилхатлар билан мактабга чиқаришди, иккинчиси турмушга чиқиб кетди”, – дея маълумот берди у.

Мавзуга оид