Спорт | 23:25 / 21.12.2023
28207
3 дақиқада ўқилади

Суд ФИФА ва УЕФАнинг Суперлигани ўтказишга қўйган тақиқини бекор қилди

2021 йилда Европанинг 12 та энг кучли ва бой клуби Суперлига ташкил этиш ниятида эканлигини эълон қилди. Бу кўплаб можароларга, жумладан ФИФА ва УЕФА томонидан қўйилган тақиққа олиб келган эди. 

Фото: Getty Images

21 декабр куни Европа суди ФИФА ва УЕФА томонидан Суперлигани ўтказишга қўйилган тақиқни ноқонуний деб топди. Ҳар иккала ташкилот 2021 йилда Европанинг бир қанча етакчи футбол клубларига янги турнир ташкил этишни тақиқлаган эди. 

Суд ўз қарорида ФИФА ва УЕФА томонидан қўйилган тақиқ Европа Иттифоқининг монополияга қарши қонунчилигига зид деган хулосага келди. Чунки бу икки футбол ташкилоти Европада клублар ўртасидаги мусобақаларини ўтказиш учун эксклюзив ҳуқуққа эга эмас. 

Бироқ, суд қарорида Суперлига ташкил этилиши маъқулланиши кераклиги айтилмаган. Лекин ФИФА ва УЕФА ташкилотларига кўпроқ очиқлик ва ўзгаришларга тайёр бўлиш тавсия этилган. 

2021 йил апрел ойида Европанинг 12 та энг кучли ва бой клублари (олтита инглиз, учта испан ва учта италян клублари) янги мунтазам турнир – Европа Суперлигасини ташкил этиш ниятида эканлигини эълон қилишди. 

Дастлаб унинг таркибига Англиянинг «Арсенал», «Ливерпул», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм», «Челси», Испаниянинг «Атлетико», «Барселона», «Реал Мадрид», шунингдек, Италиянинг «Интер», «Милан» ва «Ювентус» клублари кирди. Ҳатто тегишли юридик шахс Испанияда рўйхатдан ўтди. 

Бироқ, ФИФА ва УЕФА янги ташкилотни тан олишдан бош тортди ва Суперлигада иштирок этишга рози бўлган клублар ва футболчилар барча турнирлардан четлатилиши ҳақида огоҳлантирди. Бу таҳдидлар ҳам Европа суди томонидан ноқонуний деб топилди. 

Жанжал фонида лойиҳа эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, ўн икки клубдан тўққизтаси унда иштирок этишдан воз кечди. Аммо Испаниянинг «Реал» ва «Барселона», шунингдек, Италиянинг «Ювентус» клуби ҳамон янги турнирга қизиқиш билдирмоқда. 

Европа суди қароридан сўнг, бу клублар раҳбарияти собиқ иттифоқдошларини лойиҳага қайтаришга ҳаракат қилиши мумкин. Бироқ, янги чемпионат мухлислар томонидан қабул қилинадими ёки йўқми деган савол ҳавода муаллақ турибди. 2021 йилда кўпчилик мухлислар бу ғояга қарши чиққан эди. Улар Суперлигадан биринчи навбатда еврокубоклар, жумладан Чемпионлар Лигаси азият чекишидан хавотир олмоқда. 

Бир қатор Европа давлатлари ҳукуматлари, миллий футбол федерациялари ва кўплаб мураббийлар ҳам Суперлигага қарши чиқмоқда. 

Танқидчилар унинг ташкил этилиши футболдаги рақобатни йўқолишига олиб келади, деб ҳисоблашади. 

Бироқ, Европа судининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилиш имконияти йўқ. Демак, Европа футболидаги вазият яқин вақт ичида бузилиши мумкин.

Мавзуга оид