Ўзбекистон | 15:08 / 22.12.2023
26610
11 дақиқада ўқилади

“Империячилик касаллигининг иситмаси” — Прилепиннинг баёноти сиёсатшунослар нигоҳида

Россиянинг яна бир амалдори собиқ СССР ҳудудини, хусусан Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш кераклигини айтиб чиқиши ўзбек жамоатчилигида жиддий акс садо бермоқда. Kun.uz мавзуни муҳокама қилиш учун сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Ҳамид Содиқ ва Наргиза Умаровани таклиф этди.

— Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳақидаги баёнотлари нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: — Прилепиннинг таржимайи ҳоли билан танишдим. У 2010-2012-йилларда Путин ва унинг сиёсий тузумига қарши ашаддий мухолифатчи бўлган, “Путинсиз Россия” каби мухолиф лойиҳаларда иштирок этган. 2014 йилда Қрим аннексия қилингач, у Путин тарафга ўтган.

Охирги йилларда, Украинага уруш бошланишидан олдин ва кейин ҳам у Путинни қўллашни кучайтирган. У – пропагандачи ҳам. Кремлга яқин шахсларни яқинлигига кўра 3 та даражага бўладиган бўлсак, у 2-даражадаги шахслардан ҳисобланади. Сўнгги йилларда бир қанча орденлар олган, сиёсий партия вакили ва лидери. Шу каби омилларни ҳисобга оладиган бўлсак, унинг гапларига жиддий эътибор бериш керак. Чунки Украинага бостириб киришдан олдин Прилепин бир неча йил давомида уруш тарғиботини олиб борган шахс. Айни шу одам Ўзбекистонга бостириб кириш ғоясини илгари суряпти.

Наргиза Умарова: — Биз Прилепин иштирокидаги матбуот анжуманининг қисқа бир эпизодини кўрдик. Унинг гапларига жиддий эътибор бериш керак, Россия пропагандасининг элементи сифатида қабул қилиш лозим.

Прилепин мигрантлар, СССР парчаланиши хато бўлгани каби гапларни айтди, бу сигнални Путин ҳам юборган бир неча марта. Прилепиннинг гапларида бироз мантиқсизлик ҳам кўрдим. Унга берилган савол мигрантларнинг рус тилини билмаслиги ҳақида бўлган бўлиши мумкин, у эса давлатларни бирлаштириб қўяйлик, деяпти. Ваҳоланки, икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, мигрантларга рус тилини бошланғич даражада ва Россия тарихини билиш талаби қўйилган. Шунинг учун Прилепиннинг гаплари ички аудиторияга нисбатан бўлган дейиш мумкин.

Россия Украина устидан ғалаба қилаётгани йўқ ҳозирча, шу сабаб ички аудиторияни руҳлантириш учун бўлган. Прилепин у ерда ҳарбий сифатида гапиряпти, унинг атрофидагилар ҳам ҳарбийлар эди. Прилепин Украинадаги урушда ҳам иштирок этган, жароҳат сабаб қайтганди. Прилепин ўтирган аудитория унинг атрофидаги ҳарбий шахслардан иборат эди, Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида гап кетганда қўллаб қарсак ҳам чалишди.

Яна бир нарса. Бу йиғилишни эфирга узатган – “Россия сегодня” медиакорпорацияси. Прилепин ортидаги баннерда “РИА Новости”, “Спутник” каби катта давлат оммавий ахборот воситаларининг номи турган эди. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, Прилепин бу гапларни тасодифан гапиргани йўқ.

Ҳамид Содиқ: — Прилепин деганда бир қанча функциялар жамланмаси кўз олдимга келди. У ўнлаб китоблар ёзган, пропагандист, сиёсатчи ва амалдаги ҳарбий. Қрим аннексиясигача антипутинчи бўлган. Россия ва собиқ иттифоқдаги махсус хизматлар иш тартибини биламизки, у жиддий синишни бошдан кечирган шахслардан бири. Мана шундай лояллик унинг бўйнига қўйилган.

Бу лояллик чизгиларини 2023 йил ўрталаридаги пропагандистларнинг тизимли ўлдириши билан боғлиқ деб ўйлайман, Прилепиннинг ўзи ҳам портлатилган эди. Ҳукуматнинг ўзида ҳам бу шахсга нисбатан ҳисоб-китоблари бор, ишончли кишилардан эмас. Ўша ҳисоб-китоблар жиддийлашиб кетмаслиги учун ҳам ҳозирги Россия сиёсий тузумига хизмат қиляпти.

Ўзи унга демография бўйича савол берилган, у эса мигрантларга боғлаб, кейин аннексия ҳақида гапирди. Чунки унинг тафаккурида Россия сиёсий доирасидаги кулуарлар фикри билан боғлиқ масалалар бор, шунинг учун бу саволга ёпиштиришга уринди. Демакки, Россия сиёсий доираларидаги кулуарларда бу масала у ёки бу кўринишда муҳокама қилиняпти, шунинг учун ҳам унинг гаплари хавфли деб ўйлайман.

— Ўзбекистон давлат институтлари, жумладан, ТИВнинг хатти-ҳаракатлари қандай бўлиши керак?

Камолиддин Раббимов: — Прилепин бир қанча халқаро ҳуқуқни бузган жиноятчи сифатида ЕИга киритилмайдиган шахс. Бу ерда асосий муаммо Прилепинда эмас, Путиннинг сиёсий тузумида. У СССР қулашини катта фожиа деб билишини яширмайди. Қолаверса, Путиннинг, Прилепин каби империячиларнинг фаоллиги сўнгги ярим йилда ошди, Украина урушидан кейин олдинги ярим йилликда анча тушкун ҳолда эди. Империячилик кайфияти Москвада жудаям кучли. Постсовет давлатлари Россия таъсирида бўлиши керак, бўлмаса Россия давлат ва цивилизация сифатида яшолмайди, деган қараш кучли. Прилепин гапларини шу контекст доирасида қабул қилиш керак. У ўйлаб гапирганми, ўйламайми, бу ерда муҳими империячилик кайфияти. Бу кайфият Путин кетгандан сўнг ҳам қандайдир кўринишда яшайди.

Украина ва Кавказ Россия таъсиридан чиқди, энди постсовет ҳудудидаги энг катта минтақа Марказий Осиё бўлиб қолмоқда. Россия тили билан айтганда, бу минтақа ҳали антироссия тафаккурга тушгани йўқ. Бунақа суверенитетга таҳдид солувчи гаплар Россия учун одатий ҳолга айланиб қолган.

Давлатнинг сиёсий мустақиллиги ҳақида гап кетар экан, бу ўта принципиал масала эканини ташқи дунё билиб қўйиши керак. Давлат жамият бирлиги, Ўзбекистоннинг кучли иттифоқчилари борлиги, мусулмон олами ва туркий дунё вакили эканини ҳис қилдириш керак. Прилепин кабилар провокация излаётган бўлса, бунга ҳам имкон бермаслик керак. Лекин сукут сақлаш, бўш муносабат билдириш ҳам бўлмаслиги лозим.

Ҳамид Содиқ: — Бу ерда муносабатни иккига бўлган бўлардим. Биринчиси – жамиятнинг интеллектуал қатлами муносабати. Интеллектуал қатлам муносабати ўз навбатида сиёсий элитани, амалдаги ҳукуматни зўриқтириши керак. Ўша давлатлар ҳам бу зўриқишни ҳис қилиши керак. Бу юз берди, яъни Россия элчиси ТИВга чақирилди, бу эса муҳим. Суверенитет масаласи савдолашилмайди.

Россиянинг империячилик касаллиги кўп йиллар давомида даволаниши керак. Прилепин кабилар – шу касалликнинг “иситмаси”. Масаланинг муаммоли томони шундаки, бундай вазиятларни башорат қилиб бўлмайди, Ўзбекистонга ҳеч нарса қилолмайди, деб бўлмайди. Украинага босқинга ҳам кўпчилик ишонмаганди, мен ҳам тахмин қилолмаганман. Бизнинг муносабатлар яхши, дейишимиз мумкин, лекин Украина билан ҳам шундай эди. Шунинг учун зийракликни йўқотмаслик керак. Сиёсий элита ҳам суверенитетни ҳимоя қилиши лозим.

Наргиза Умарова: — Ўзбекистонга нисбатан тизимли равишда бундай муносабатларни кўряпмиз. Бундай вазиятларда юмшоқлик қилавериш тўғри бўлмайди, қатъийроқ, кескинроқ муносабат билдириш вақти келди. Чунки бу биринчи ҳолат эмас, катта эҳтимол билан охиргиси ҳам эмас.

Россия пропагандаси ўзи истаётган нарсани реал воқелик сифатида ифодалайди. Россия изоляцияланишда давом этар экан, бу агрессия кучайиб боради ва Марказий Осиё давлатларига сочишга ҳаракат қилади. Шунинг учун биз кескинроқ муносабат билдиришимиз керак. Фақат ТИВдан муносабат кутяпмиз, лекин буни парламент ҳам кўтариши керак. Жамият бир нечтагина депутатнинг чиқишига ўрганиб қоляпти, соғлом нарса эмас бу.

Прилепиннинг гапларида ҳатто мигрантлар шу нарсага рози деган фикрни ҳам айтиб ўтди. ТИВ баёнот бераётганда мана шундай ҳар бир детал бўйича бандма-банд баёнот бериши керак. Россия элчисининг гаплари билан масалани ёпиб юбориш кейинги бўладиган мана шундай таҳдидли гапларга имконият яратиш бўлади.

— Рус сиёсатчисининг бундай баёнотлари Ўзбекистон давлатчилиги олдига қандай вазифаларни қўяди?

Камолиддин Раббимов: — Бутун дунёда жамиятни ва давлатни кучайтирувчи, жипслантирувчи “рецепт” шаклланиб бўлган, булар: демократия, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва давлатнинг легитимлигини ошириш.

Мана шундай тажовузкорона баёнотларга нисбатан бизда умуммиллий консенсус бўлиши керак. Фундаментал қадриятларда ҳалигача бизда Россияга нисбатан умумий консенсус йўқ. Давлатнинг умуммиллий фундаментал қадриятлари борасида бизда кучли консенсус бўлиши ва бунга дахл қилиш имконсиз бўлиши керак. Шунга эришиш воситаси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги қадриятлар ва механизмлар.

Ҳамид Содиқ: — Демократия эркин инсонларни шакллантиради, эркин инсонлар муаммоларнинг турли томонларини кўриш имконига эга бўлади. Охирги йиллардаги бироз берилган эркинлик натижасида жамиятдаги сиёсий, геосиёсий муаммоларга турли оммавий ахборот воситалари орқали муносабат бериб бошланди ва иммунитет шакллана бошлади. Мана шундай секин-секин шаклланади, бунинг учун демократия ва академик эркинлик керак бўлади. Бундай инсонлар қатлами давлатнинг ўзига ҳам маълум бир босимлар беради, лекин давлат бунга чидаши керак, бундай одамлар ҳеч қачон давлатга, суверенитетга зарар етказишни ўйламайди.

Жамиятда турли қарашли инсонлар бор, бу – меъёрий ҳолат. Ҳаммани бир қолипга солиш имконияти йўқ. Лекин суверенитет масаласи ҳаммани бирлаштирадиган нуқта бўлиши керак. Шунинг учун сиёсий элита ОАВни бўғмаслиги лозим, давлат ресурсларига унчалик боғлиқ бўлмаган, бюрократиядан холи ОАВ бўлиши ва доимий мана шундай суверенитет масаласида турли фикрлилик бўлмаслиги керак деган масалани юқори ушлаши лозим.

Дарон Ажемўғли “Тор коридор” китобида шундай дейди: “Эркинлик, озодлик – бу жараёндир. У ҳар куни муҳокама қилинади ва шундай шаклланади. Яъни эришиб бўлиб, кейин токчага қўйиб қўйиладиган нарса эмас”.

Наргиза Умарова: — Давлатимиз ахборот урушида кетма-кет, жиддий равишда ютқазяпти. Чунки ҳеч стратегия йўқ, яъни контур пропаганда тизими йўқ. Бу нарсани такрор-такрор бўлаётган шу турли таҳдидлар кўрсатиб турибди. Биз бугун ахборот сиёсатини кучайтиришимиз керак. Бундай ҳолатларда фақат ТИВ эмас, ОАВ ҳам жавоб бериши керак, фақат хабар тарқатиш эмас. Давлат оммавий ахборот воситалари ҳалигача жим. Ахборот майдонимизда фақат Прилепин шунақа деди, бунақа муносабат билдирилди, деган нарса бор. Бу эртага унутилиб кетади. Қўшни Қозоғистонда ахборот хавфсизлигини давлат сиёсати даражасига кўтариш керак, дейишяпти.

Бизда ОАВ жуда пассив, менимча. Ахборотни олиб, узатишдан нарига ўтолмаяпмиз. Ваҳоланки, биз ахборот уруши замонида яшаяпмиз. Бугун ахборот орқали ҳужум қилишаётган бўлса, эртага ҳарбий техникалар билан ҳужум бўлиши мумкин. Украина уруши яққол мисол, уруш дастлаб ахборот маконида бошланганди ва ҳалигача давом этяпти. Биз ахборот уруши замонида яшаяпмиз, бунга нисбатан чоралар ишлаб чиқиш вақти келди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид