Жаҳон | 13:48 / 22.12.2023
6017
3 дақиқада ўқилади

Россияда собиқ вазир Абизов 12 йилга озодликдан маҳрум этилди

Суд Михаил Абизовни жиноий ҳамжамият яратиш ва фирибгарликда айбдор деб топди. Очиқ ҳукумат ишлари бўйича собиқ вазир 12 йилга қаттиқ тартибли колонияга жўнатилди.

Фото: Reuters

Москванинг Преображенский суди Россиянинг очиқ ҳукумат ишлари бўйича собиқ вазири Михаил Абизовни 12 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. «Медиазона» мухбирининг 21 декабр, пайшанба куни суд залидан хабар беришича, у жиноий ҳамжамият яратиш ва фирибгарликда айбдор деб топилган.

Абизов, шунингдек, 80 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди ва уч йилга давлат органларида ташкилий, маъмурий ва иқтисодий функцияларни бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаши тақиқланди. Шу билан бирга, суд Абизовни даъво муддати тугаганлиги сабабли ноқонуний тадбиркорлик айблови бўйича жавобгарликдан озод қилди, деб ёзади «Интерфакс».

Ишда жами 12 нафар айбланувчи бор. Россия Тергов қўмитаси ҳисоботида айтилишича, улар ҳар бирининг ролига қараб фирибгарлик, жиноий ҳамжамият яратиш ва унда иштирок этиш, жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этиш ва порахўрликда айбдор деб топилган. Иш бўйича қолган айбланувчилар 7 йилдан 18,5 йилгача бўлган муддатга қамалган.

«Тергов етказилган зарарни қоплаш мақсадида Михаил Абизов ва бошқа айбланувчиларнинг, шунингдек, улар назоратидаги компанияларнинг қарийб 37 миллиард рублга тенг мол-мулкини мусодара қилди», — дейилади Тергов қўмитаси хабарида.

Томонлар ўртасида бўлиб ўтган мунозарада прокурор Абизовни 5 йилга давлат лавозимида ишлаш тақиқланган ҳолда 19 йил-у 6 ойга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилишни сўради.

Абизов 2019 йилда ҳибсга олинган

Михаил Абизов 2012 йилдан 2018 йилгача Очиқ ҳукумат вазири лавозимида ишлаган. Унинг идораси жамият ва ишбилармон доиралар учун давлат фаолиятининг шаффофлигини таъминлаши керак эди. Бунгача у Россия Федерациясининг йирик энергетика ва тоғ-кон саноати корхоналарида раҳбар лавозимларда ишлаган ва Россиянинг РАО ЕЭС бошқарув кенгаши аъзоси бўлган. Абизов Forbes журнали бўйича энг бой россияликлар рейтингига киритилган, нашр ҳибсга олинишидан олдин унинг бойлигини 600 миллион долларга баҳолаган.

Абизов 2019 йилда ҳибсга олинган ва шундан бери у қамоқда. Тергов маълумотларига кўра, у бир қатор сохта битимлар тузган ва бир қанча энергетика компанияларининг акцияларини оширилган нархларда сотиб олган. У олинган фойдани офшор компаниялар тармоғи орқали хорижий валютага ўтказган.

Тергов маълумотларига кўра, 2011 йил апрелидан 2014 йил ноябригача Абизов Николай Степанов ва Максим Русаков билан бирга бир қатор офшор тижорат ташкилотларининг ҳақиқий эгаси бўлиб, жиноий жамоа тузган ва унга раҳбарлик қилган.

Тергов органлари Абизов ва унинг шериклари «Сибир энергетика компанияси» АЖ ва Ҳудудий электр тармоқларидан 4 миллиард рубл ўғирлаган, шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти давомида 32,5 миллиард рублдан ортиқ даромад олганини даъво қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид