Жаҳон | 08:25 / 22.12.2023
13133
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСEФ 2023 йил фотосуратини эълон қилди

ЮНИСEФ 2023 йил суратини эълон қилди, унда украиналик болалар дроннинг нефт базасига урилгани оқибатида келиб чиққан ёнғин фонида далада ўйнаётгани акс этган. ЮНИСЕФ суратда Украинадаги уруш қора булутлари орасида бир лаҳзалик енгиллик сезилишини билдирди.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 2023 йилги фотосуратлар танлови ғолибларини эълон қилди. Биринчи мукофот полшалик фотосуратчи Патрик Ярачнинг дрон урилганидан сўнг Ровне вилоятидаги нефт базаси ёнаётгани фонида далада ўйнаб юрган украиналик болалар тасвирланган суратга берилди. Фотосурат «глобал урушлар, можаролар ва офатлар зулматини ёриб ўтаётган болаларнинг қаршилик кучи ва қувончи нурини ифодалайди», — дейилади ЮНИСЕФнинг 21 декабр, пайшанба куни матбуот баёнотида.

ЮНИСЕФ ҳомийси, Германия президентининг рафиқаси Элке Бюденбендер сўзларига кўра, ушбу суратдаги беш ёшли Алина ва унинг дўстлари каби болалар «умид бағишлайди ва келажакка оптимистик қарашга имкон беради». Ташкилотнинг таъкидлашича, суратда «Украинадаги уруш қора булутлари орасида бир лаҳзалик енгиллик» акс этган.

Иккинчи ва учинчи мукофотлар: Афғонистон ва Ёқутистондан репортажлар

Иккинчи ўринни немис фотографи Оливар Вайкеннинг Афғонистондаги болалар меҳнати ҳақидаги репортажидан сурати олди. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Вайкен ўта хавфли шароитда Чинарак конида кўмир қазиб юрган ўғил болаларнинг кундалик ҳаётини ҳужжатлаштирган.

Учинчи ўринни Россияда туғилган ва Францияда яшовчи Наталя Сапрунованинг Ёқутистондаги болалиги ҳақидаги фоторепортажи эгаллади.

«ЮНИСEФнинг йил фотосуратлари бизни бутун дунё бўйлаб қизлар ва ўғил болалар учун ҳаёт ҳақиқати билан таништиради», - дейди ЮНИСЕФ ҳакамлар ҳайъати аъзоси Питер-Маттиас Геде . Унинг сўзларига кўра, бу фотосуратларда «болалар тузилмавий зўравонлик, қашшоқлик ва қонунсизлик қурбони экани» акс этган.

Мавзуга оид