Жаҳон | 23:57 / 23.12.2023
8759
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон 4 ёшгача бўлган болаларга баъзи дориларни тақиқлади

Аввалроқ, ушбу дориларни қўллаш оқибатида дунё бўйлаб умумий ҳисобда 141 нафар бола вафот этган эди.

Фото: Getty Images

Ҳиндистоннинг дориларни назорат қилувчи органи 4 ёшгача бўлган болаларда шамоллашга қарши баъзи дорилар комбинациясини қўллашни тақиқлади ва ушбу тақиқ ҳақида дориларда белгилаб қўйишни буюрди. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Аввалроқ, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши шундай сироплардан дунё бўйлаб 141 нафар бола вафот этган эди.

Регуляторнинг таъкидлашича, дорилар комбинацияси ўз ичига малеат хлорфенирамин ва фенилэфринни олади, айнан улар шамоллашга қарши сироп ва таблеткаларни ишлаб чиқаришда қўлланади. Энди фармацевтика компаниялари ушбу моддаларга эга дориларда «4 ёшгача бўлган болаларда қўлламаслик» ҳақидаги огоҳлантириш ёзувларини жойлаштириши шарт.

Ҳиндистон ва дунёда ушбу дориларни (айниқса, мамлакатда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропларни) қўллаш билан боғлиқ болалар ўлими 2019 йилдан бери кузатилмоқда. Умумий ҳисобда Ҳиндистон, Гамбия, Ўзбекистон ва Камерунда камида 141 нафар бола ушбу дориларни қўллаш оқибатида вафот этган.

Ҳиндистон июн ойидан бошлаб, экспорт қилинадиган йўталга қарши сироплар учун мажбурий синовлар сонини кўпайтирди. Бироқ, бу дориларни ишлаб чиқарган маҳаллий фармацевтика компаниялари қандайдир қонунбузарликка йўл қўйилганини мунтазам равишда рад қилиб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) беш ёшгача бўлган болаларда йўтал ва шамоллаш аломатларини даволаш учун рецептсиз йўтал сироплари ёки дори воситаларидан фойдаланишни тавсия этмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид