Кетма-кет 11 қурбон: умрбод қамалган “киракаш” синфдошларнинг серияли қотилликлари
2011 йилнинг 12 ноябридан 2012 йилнинг 9 апрелигача Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудлари, хусусан Юқори Чирчиқ ва Чимкентда кетма-кет 11 нафар аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилади. Ўлдирилганларнинг 6 нафари Ўзбекистон, 4 нафари Қозоғистон ва 1 нафари Украина фуқароси эди. Мазкур жиноят ўша пайтда икки давлатнинг чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли орасида “одамхўр” пайдо бўлгани ҳақида шунчалик шов-шув келтириб чиқарадики, аёллар уйидан чиқишга, ёлғиз юришга қўрқиб қолади.
“Чақилмаган ёнғоқ” ва сирли далил
2011 йилнинг охири ва 2012 йилнинг бошида Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилоятидаги овлоқ жойлардан кетма-кет тўрт аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилади. Бу пайтда Ўзбекистонда ҳам шу каби ҳолат кузатилган, 7 нафар аёл навбати билан ўлдириб кетилганди. Ўлдириб кетилган аёлларнинг энг кичиги 21, энг катта эса 53 ёш бўлган.
Мазкур жиноят ўша пайтда икки давлатнинг чегара ҳудудларида яшовчи аҳолини қўрқувга сола бошлайди. Сабаби, ҳали у ердан, ҳали бу ердан ўлдирилиб кетилган аёлнинг мурдаси топилар, аммо қотилларни излашдаги ҳаракатлар натижа бермаётган эди. Сирли жиноятчилар ҳақидаги гап-сўзлар тилдан тилга кўчиб, “одамхўр пайдо бўлибди, аёлларни ўлдириб, қонини сўриб кетаркан” деган ваҳимага айланади. Хотин-қизлар кўчага чиқишга, ёлғиз юришга қўрқиб қолишади.
Калаванинг учини топиш тобора чигаллашиб борар, қотилларнинг изига тушиш қийин кечаётган бир пайтда янги қурбонлар топилгани ҳақидаги хабарлар тарқаларди. Икки давлатдаги қотилликлар бир-бирига ўхшаш, яъни қотиллик услуби бир хил эди: аёллар аввалига зўрланган ва кейин бўғиб ўлдирилиб, ёнидаги пул ҳамда бошқа буюмлар олиб кетилган. Бу мазкур қотилликлар битта жиноий тўда томонидан амалга оширилган, деган тахминни юзага чиқаради.
Икки қўшни давлатнинг тезкор ходимлари олдида “чақилмаган ёнғоқ” турарди: жиноятлар бир-бирига боғлиқми, қотиллар ким ва нега фақат аёлларни ўлдиришган? “Пичоққа илингулик” ягона далил аёллардан бири ўлдирилишидан олдин Чимкентдаги темирйўл вокзалидан чиқиб, қора рангли “Мерcедес-Бенз” машинасига миниб кетгани эди.
Манзилига етмаган йўловчи
29 ёшли Екатерина Тишкунова 2011 йилнинг 19 декабр куни Чимкентдаги темирйўл вокзалидан чиқиб, изсиз ғойиб бўлади. У икки кун олдин Қарағанда шаҳрига синглисини кўргани кетган ва ўша ердан меҳмондорчиликдан қайтаётганди.
Яқин қариндошлари уяли телефони ўчирилган ва сафардан қайтгач ҳам икки кун ишга бормаган Екатеринани излашга тушишади. Чимкент шаҳридаги барча шифохона ва моргларни қараб чиқиш натижа бермайди, у ҳеч қаерда йўқ эди. Бу ҳақда ИИБга ариза берилади. Ниҳоят Екатерина топилади, аммо тириги эмас: унинг мурдасида қотиллик аломатлари бор эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари ишга киришади, қатор экспертизалар тайинланади. Лекин тергов ҳаракатлари далиллар камлиги туфайли ҳадеганда натижа беравермайди. Суриштирув ишлари давомида Екатерина Тишкунова темирйўл вокзалидан чиқиб, қора рангли “Мерcедес-Бенз” машинасига миниб кетгани маълум бўлади. Бу жиноятни очиш мумкин бўлган далиллардан бири эди.
Жиноят иши доирасида 2 мингдан ортиқ шахс гувоҳ сифатида сўроққа жалб этилади, 500 дан ортиқ “Мерседес-Бенз” автомашинасининг эгалари жиноятга алоқадорлиги текширилади, 50 мингдан ортиқ мобил алоқа абонент рақамлари таҳлил қилинади.
“Киракаш” қотиллар
Қора рангдаги “Мерседес-Бенз” машинаси Қозоғистондан изланаётган бир пайтда у Ўзбекистонда юрганди ва унинг давлат рақами 10 U 808 DA бўлган. Машинанинг эгаси Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани Жамбул қишлоғида яшовчи Қозоғистон фуқароси Полатбай Бердалиев эди. 25 ёшли Полатбайга машинани онаси 2010 йилнинг куз ойларида Сергели машина бозоридан 11 минг долларга сотиб олиб берганди. Навқирон йигит қоп-қора “Мерседес-Бенз” машинасида киракашлик қилиб турар, гоҳида синфдош ўртоғи Абдусеит Ормановни (Ўзбекистон фуқароси) ўзи билан бирга олиб юрарди.
Суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида 5 ойда 11 нафар аёлни мана шу икки синфдош йигит ўлдиргани маълум бўлади. Улар қотилликни қачон, қандай амалга оширган ва қурбонлар ким эди?
2011 йил 12 ноябр – Тамара Аширова
Абдусеит ва Полатбай шу куни соат 21:30 лар атрофида Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Ғишткўприк” божхона-чегара масканига боришади. Уларнинг мақсади божхона-чегара маскани орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтган ёлғиз аёлларни такси хизмати кўрсатиш баҳонасида кимсасиз жойга олиб бориб, талон-торож қилиш эди.
Осон бойишни касб қилиб олган йигитларнинг тўрига энг биринчи 31 ёшли Тамара Аширова илинади. У ўша соатларда божхона-чегара маскани орқали Ўзбекистонга ўтган ва йўлда машина кутаётганди.
“Киракашлар” алдов йўли билан Тамарани ўзларининг бошқарувида бўлган “Meрседес-Бенз 180-С” машинасига ўтқазишади. Кейин уни айланма йўллар орқали Оҳангарон тумани, Дўстлик қишлоғи ҳудудидан ўтган Тошкент-Олмалиқ йўлининг 42-километрига олиб боришади. Машинани автомагистралдан 60-70 метр пастликдаги дала майдонга олиб тушишади. Йигитлар бу ерда Тамара Ашировага зўрлик ишлатиб, унинг номусига тегишади. Сўнгра уни сумка боғичи ёрдамида бўғиб, қасддан ўлдиришади.
Ёнидаги пул ва буюмлари талон-торож қилингач, Тамара Ашированинг мурдаси ва фуқаролик паспорти ёқиб юборилган.
2011 йил 29 ноябр – Муҳаббат Раззоқова
Икки синфдош навбатдаги қотилликни орадан 17 кун ўтиб содир қилган. Улар 29 ноябр куни кечки пайт яна “Ғишткўприк” божхона-чегара масканига боришади. Бу сафар қора “Meрседес-Бенз” машинасига йўловчи сифатида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яшовчи 44 ёшли Ўзбекистон фуқароси Муҳаббат Раззоқова минади.
Абдусеит ва Полатбай йўловчини чалғитиб, уни айланма йўллар орқали Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Тинчлик қишлоғи ҳудудига фермер хўжаликнинг даласига олиб боришади. Шу ерда аёлга ҳужум қилиб, зўрлашган ҳамда арқон ёрдамида бўғиб ўлдиришган. Сўнгра пулини ўмаришиб, аёлнинг мурдаси ва фуқаролик паспортини ёқиб юборишади.
2011 йил 3 декабр – Нагима Бекбаува
Қотил синфдошларнинг “иштаҳаси очилиб” кетганди. Улар 2011 йил 3 декабр куни соат 18:45 ларда “Ғишткўприк” божхона-чегара масканига бориб, таксист сифатида Қозоғистондан Ўзбекистонга ёлғиз ўтиб келаётган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нагима Бекбаувани машинага миндириб олишади.
Йўловчининг борар манзили Юқори Чирчиқ тумани Саксонота қишлоғи эди. Аммо “кирикашлар” уни айланма йўллар орқали Юқори Чирчиқ тумани, Истиқлол қишлоғи ҳудудидан ўтган “Бектемир-Ғазалкент” автомобил йўлининг 23-километрига олиб боришади. Шу ерда овлоқ жойга олиб тушиб, унинг номусига тегишади ҳамда аёллар рўмоли ёрдамида бўғиб ўлдиришади.
Нагиманинг ёнидаги пул ва буюмларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган йигитлар унинг фуқаролик паспортини йўқ қилиб, воқеа жойидан яширинишган.
2011 йил 7 декабр – Нурипа Мизанова
Икки синфдошнинг навбатдаги “ови” ҳам “Ғишткўприк” божхона-чегара масканида бўлган. Қотилларнинг қора машинасига бу сафар 1972 йилда туғилган, Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Чимкент шаҳри Мулдоғулова кўчасида яшаб келган Ўзбекистон фуқароси Нурипа Мизанова минади. У Қозоғистондан Ўзбекистонга келаётганди.
Йигитлар “навбатдаги ўлжа”ни айланма йўллар орқали Юқори Чирчиқ тумани Суранкент қишлоғи ҳудудидаги овлоқ жойга олиб келишади.
Кутилмаган ҳужумдан Нурипанинг эси оғиб қолади. Аммо қанча қаршилик қилмасин, икки йигитга кучи етмасди: қотиллар уни аввалига зўрлаб, кейин ўзининг шарфи билан бўғиб ўлдиришади. Сўнгра аёлнинг ёнидаги пул, тилла тақинчоқлар ва бошқа буюмларни олиб, воқеа жойидан кетишади.
2011 йил 19 декабр – Екатерина Тишкунова
Кетма-кет қотилликларнинг “изи” бироз совиши керак эди. Шу сабабли, йигитлар бу сафарги режани Қозоғистон ҳудудида “кўчиришади”.
“Киракашлар” 2011 йил 19 декабр куни соат тахминан 6:20 ларда Чимкентдаги темирйўл вокзали ёнида поезддан тушган 29 ёшли Екатеринани манзилига олиб бориб қўйиш учун машинага миндиришади. Ўша лаҳзаларда аёл саноқли соатлардан сўнг уни нима кутаётганини, ўзини ваҳший қотиллар қўлига топшираётганини билмасди.
Абдусеит ва Полатбай машинани Олмота-Термиз йўналишининг 710-километрида тўхтатиб, ҳужумга ўтишади. Бу сафарги қотиллик ҳам эски услубда амалга оширилган: Екатерина аввалига зўрланган, сўнгра ўзига тегишли аёллар сумкасининг ушлагичи билан бўғиб ўлдирилган. Ёнидаги пул ва буюмлари эса олиб кетилган.
2011 йил 28 декабр – Раъно Расахўжаева
Асли фарғоналик бўлган ва тиббиёт соҳасида ишлаган Раъно Расахўжаева 2010 йил декабр ойи охирида Тошкент шаҳрига келади ҳамда “Perfectum Mobile” компаниясига оператор вазифасига ишга жойлашади. 2011 йилнинг 29 декабр куни унинг мурдаси қотиллик аломатлари билан Тошкент шаҳри Миробод тумани Қўйлиқ 1-даҳасидаги автогаражлар ёнидан топилади.
Ўз жиноий ҳаракатларини асосан овлоқ жойларда амалга ошириб юрган Абдусеит ва Полатбай бу сафарги қотилликни Тошкент шаҳрининг ўзида амалга ошириб қўя қолишганди.
2011 йилнинг 28 декабр куни синфдошлар ўша “қонли Мерседес”ни Тошкент шаҳри Миробод тумани Т.Шевченко кўчасида бошқариб кетаётиб, 25 ёшли Раъно Расахўжаевани йўловчи сифатида миндиришади. Аввалига машинани Раънонинг кўрсатмаси билан Миробод тумани, Д.Кунаева кўчаси томон бошқариб боришади. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига етиб келганларида машинани қоронғи жойда тўхтатиб, Раънога ҳужум қилишади.
Аёлнинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан уни зўрлашади ҳамда ўз сумкасининг тутқичи билан бўғиб ўлдиришади. Сўнгра ёнидаги пул ва тилла буюмларини олиб, мурдани Қўйлиқ 1-даҳасидаги автогаражлар олдига ташлаб кеташади.
2012 йил 9 январ – Маҳбуба Мирзаҳмедова
Қотиллар 2012 йил январ куни соат 18:30 ларда ёлғиз аёлларни қидириб, Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги “Сувсоз” даҳасининг Х.Бойқаро кўчасидан ўтиб кетишаётган вақтда Чилонзор тумани, Астробод кўчасида яшовчи қиз йўловчи сифатида машинага ўтиради. Бу 21 ёшли Маҳбуба Мирзаҳмедова эди.
Афсуски, у ҳам манзилига етиб бормаган. “Киракашлар” Маҳбубани айланма йўллар орқали Бектемир тумани ҳудудидан ўтган Тошкент автомобил ҳалқа йўлида жойлашган 2-сонли темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи ёнига олиб боришган. Ўша ерда қизни аввалига зўрлаб, кейин ўзининг оёқ кийими боғичи билан бўғиб ўлдиришган. Сўнгра ёнидаги пул ва буюмларини олиб, мурдани бетон ариқ ичига ташлаб, воқеа жойидан яширинишган.
2012 йил 10-11 феврал – Алия Даулетбаева ва Сайлаугул Серикбаева
Жиноий гуруҳнинг навбатдаги икки қотиллиги бир кун фарқи билан Қозоғистон ҳудудида содир этилган.
Синфдош йигитлар 2012 йилнинг 10 феврал куни “Мерседес-Бенз” машинасида Тошкент вилоятида жойлашган “Қоплонбек” божхона-чегара маскани орқали Жанубий Қозоғистон вилояти, Сариоғоч туманига ўтишган. Туман ҳудудида машинага 1987 йилда туғилган Алия Даулетбаевани миндиришган ҳамда уни манзилига элтиб қўймасдан айланма йўллар орқали Чимкент шаҳридан 30 км олисга олиб боришган.
Овлоқ жойда Алияни уриб, ёнидаги пул ва буюмларини тортиб олишган. Сўнгра ўзининг оёқ кийими боғичи билан аёлни бўғиб ўлдириб, ташлаб кетишган.
Орадан бир кун ўтиб, 11 феврал куни қотиллар Чимкент шаҳридаги темирйўл вокзали ёнига келиб, шу ерда машинага поезддан тушган, 1958 йилда туғилган Сайлаугул Серикбаевани миндиришган. Кейин Олмота-Термиз йўналишининг 712-километрига олиб бориб, унинг ёнидаги пул ва уяли телефонини тортиб олишган. Ўзини эса бошидаги рўмоли билан бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдиришган.
2012 йил 8 март – Сулушаш Акимбаева
“Киракашлар”нинг навбатдаги қотиллиги ҳам Қозоғистон ҳудудида амалга оширилган. 2012 йилнинг 7 март куни машинаси билан “Қоплонбек” божхона-чегара маскани орқали Сариоғочга ўтган Абдусеит ва Полатбай 8 март куни соат тахминан 10:30 ларда Қоплонбек-Жибек ипак йўли йўналиши бўйлаб такси тўхтатиб турган аёлни кўриб қолишади. Бу аёл 1972 йилда туғилган Сулушаш Акимбаева эди.
Қотиллар унинг ёнида тўхтаб, манзилга етказиб қўйишларини айтишади. Йигитларга ишонган аёл машинага ўтиради. Қора “Мерседес-Бенз” бу сафар Олмота-Термиз йўналиши бўйлаб Чимкент шаҳри тарафга ҳаракатланиб борарди. Машина кимсасиз манзилга бориб тўхтаганида Сулушаш Акимбаева қаршисида кимлар турганини билади. Аммо кеч эди: аёл ўз сумкасининг ушлагичи билан бўғиб ўлдирилади ҳамда ёнидаги пул ва буюмлари олиниб, мурдаси йўл четига ташлаб кетилади.
2012 йил 9 апрел – Марина Фок
“Киракаш” қотилларнинг сўнгги қурбони 22 ёшли Украина фуқароси Марина Фок бўлади. 2012 йилнинг 9 апрел куни Абдусеит ва Полатбай эски манзил – Зангиота туманидаги “Ғишткўприк” божхона-чегара масканига боришади. Улар божхона маскани орқали Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудига ёлғиз ўтиб келаётган Марина Фокни кўришади.
Аёл Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қора-қамиш 2/4-даҳасида яшаб келган. У ўша куни ҳам яшаш манзилига бораётганди. Аммо уйигача етолмайди: аёлнинг йўлини қотиллар тўсганди.
Йигитлар Марина Фокни бунгача ўнта қотилликни “кўрган” “Meрседес-Бенз” машинасига миндириб, йўлга чиқишади. Лекин манзилга эмас, айланма йўллар орқали Оҳангарон тумани Дўстлик қишлоғидаги кимсасиз дала майдонига боришади. Маринанинг қаршилик қилишига, ялиниб-ёлворишига қарамасдан аввалига уни зўрлашади, сўнгра сумка ушлагичи билан бўғиб ўлдиришади. Ишлари битгач, Маринанинг ёнидаги пул ва буюмларини олиб, воқеа жойидан яширинишади.
Суд ва жазо
Суд жараёнида икки қотилнинг қилмишлари гувоҳларнинг кўрсатмалари, кўплаб экспертиза натижалари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2012 йил 30 ноябрдаги ҳукми билан Абдусеит Ормановга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Полатбай Бердалиев эса Жанубий-Қозоғистон вилояти жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган минтақалараро судининг 2013 йил 30 январдаги ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Материал Олий суд матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Мавзуга оид
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
19:02 / 31.10.2024
Навоийдаги чўлда 10 нафар йигит пичоқлашди
11:44 / 30.10.2024