Жаҳон | 14:53 / 23.12.2023
7869
2 дақиқада ўқилади

Россия суди биринчи марта УҚКни молиялаштириш иши бўйича ҳукм чиқарди

Россияда Украина Қуролли кучларини молиялаштириш айблови бўйича дастлабки икки ҳукм чиқарилди. Хабаровсклик фуқаро давлатга хиёнат моддаси бўйича 7 йилга, унинг ҳамшаҳари эса 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Тамара Паршина Фото: ТАСС

Хабаровск ўлкаси суди 21 декабр куни сўнгги ойларда давлатга хиёнат қилиш моддалари бўйича учта ҳукм чиқарилганини маълум қилди. Бундан ташқари, икки ҳолатда гап Украина армиясини молиялаштириш айблови бўйича Россияда чиқарилган дастлабки ҳукмлар ҳақида кетяпти.

Шу тариқа, 2023 йил 16 октябрда суд Хабаровскда яшовчи шахсни УҚК учун асбоб-ускуналар ва жиҳозлар харид қилувчи украин ташкилотининг ҳисобрақамига пул ўтказгани учун етти йилга озодликдан маҳрум қилди. 

Суд хабарида таъкидланганидек, бундан аввалроқ, 4 октябр куни қурол сотиб олиш билан шуғулланувчи украин жамғармаси ҳисобига пул ўтказганликда айбланган аёл давлатга хиёнат моддаси билан умумий режимдаги колонияга саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкуманинг исми номаълум, аммо BBC рус хизмати гап 24 ёшли Тамара Паршина - давлатга хиёнатда айбланган энг ёш россиялик аёл ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқда. У март ойида Хабаровскда ҳибсга олинган ва Москвадаги «Лефортово» тергов изоляторига жўнатилган. BBC хабарига кўра, Украинадаги кенг кўламли уруш пайтида биринчи марта аёл киши давлатга хиёнат иши бўйича жазо олди. 

Бу иккала иш ҳам энг қисқа муддатда кўриб чиқилди: мос равишда бир ва иккита суд мажлисида. 

Хабаровск ўлка суди маълумот берган учинчи ҳукм 20 декабр куни Хабаровск ўлкасидан бўлган собиқ катта прапоршчикка нисбатан чиқарилди - у Украина махсус хизматига Россия Мудофаа вазирлиги объектларидан бири ҳақида маълумот узатганлик айблови билан давлатга хиёнат учун судланди ва тўққиз ярим йилга қамалди. 

Мавзуга оид