Жаҳон | 15:08 / 25.12.2023
8910
4 дақиқада ўқилади

Набиуллина: SWIFT’дан узилиш ва активларнинг музлатилиши оғриқли

Россия Федерацияси Марказий банки раҳбари мамлакат молия секторига энг оғир таъсир қилган Ғарб санкцияларини санаб ўтди.

Фото: Russian Central Bank/SNA/IMAGO

Россиянинг SWIFT халқаро тўлов тизимидан узилиши Россия молия сектори учун ҳалигача ҳал этилмаган муаммо бўлиб қолмоқда, деди Россия Федерацияси Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина РБК’га берган интервюсида. Набиуллинанинг Украина уруши бошланганидан бери деярли икки йил ичида берган биринчи интервюси нашр сайтида 25 декабр, душанба куни чоп этилди.

Россия банки раҳбарининг сўзларига кўра, регулятор Украина уруши бошланганидан кейин Ғарб давлатлари томонидан Москвага нисбатан қўйилган айрим чекловларга тайёр эди. У буни Марказий банк 2014 йилдан, Қримдаги воқеалар ортидан халқаро босимга дуч келганидан бери санкцияларни кучайтириш хавфини баҳолагани билан изоҳлади. Шунга қарамай, баъзи янги чекловлар молия сектори учун Россия Федерацияси ҳалигача ҳал қила олмаган муаммоларни келтириб чиқарди. 

Набиуллинага кўра, улардан биринчиси - Россиянинг SWIFT’дан узилиши. Гарчи бу таҳдид 2014 йилдан бери мавжуд бўлиб, Россия Федерацияси унга қарши миллий тўлов инфратузилмасини қурган бўлса-да, муаммо айнан трансчегаравий ўтказмаларнинг мумкин эмаслигида бўлди. «Ҳа, занжирлар қурилмоқда, улар доимо ўзгариб туради, аммо бу ҳали ҳам кўплаб корхоналар учун муаммо бўлиб қолмоқда», - деб иқтибос келтиради РБК Россия Федерацияси Марказий банки раҳбаридан. 

Россия банки ва россиялик инвесторларнинг захиралари музлатилиши - оғриқли мавзу 

Набиуллинанинг сўзларига кўра, Россия Марказий банкининг хориждаги захираларини музлатиш «барча марказий банклар учун жуда салбий сигналга айланди, чунки бу захира хавфсизлигининг асосий тамойилларини бузишдир». Россия санкцияларнинг салбий оқибатларини 2022 йил баҳорида қабул қилинган махсус валюта курси ва валютани сотиш чекловлари ёрдамида камайтиришга муваффақ бўлди. 

«Жуда оғриқли мавзу жисмоний шахсларнинг активларини блоклаш ва музлатиш бўлди - санкцияларга дучор бўлмаган, аммо активлари музлатиб қўйилган миллионлаб одамлар», - дея қўшимча қилди Набиуллина. 

Унинг таъкидлашича, Россия санкциялар босими кучайтирилишига тайёр бўлиши керак, ҳатто «йил жуда яхши босиб ўтилди ва энди ҳеч нарсадан қўрқиш йўқ», деб ўйлаш мумкин бўлса ҳам.

Бундан ташқари, сўнгги ҳафталарда Ғарб мамлакатларида Россия Федерациясининг музлатилган активларини мусодара қилиш ҳақидаги мунозаралар кучайган. Хусусан, Германия Москва биржасига тегишли 720 миллион еврони мусодара қилиш имкониятини ўрганмоқда. Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчилари Россия активларига нисбатан худди шундай ҳаракатларни муҳокама қилмоқда, деб ёзади The New York Times. Гап Украинага ҳарбий ёрдамга сарфланиши режалаштирилган 300 миллиард доллардан ортиқ маблағ ҳақида кетмоқда. 

Евроиттифоқ январдан бошлаб Россиядан олмос импортини тақиқлайди 

Декабр ойи бошида ЕИ давлатлари Россия Федерациясига қарши «Украинада уруш олиб бориш қобилиятини янада заифлаштириш» учун мўлжалланган 12-санкция пакетини қабул қилиш тўғрисида келишиб олди. 

Янги чекловчи чоралар қаторига 1 январдан бошлаб Россия Федерациясидан олмос импортини босқичма-босқич тақиқлаш, шунингдек, Европа компанияларидан Россия нефтига нисбатан Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган «нарх чегараси»га риоя қилиши тўғрисида далиллар тақдим этиш талаби киради.

Россиянинг «Интерфакс» ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи Россия Федерацияси учун олмос савдосининг асосий бозори бўлган. Россия учун олмос экспортидан олинган даромаднинг умумий ҳисоби йилига 4 миллиард еврони ташкил этган, биргина Белгиянинг ўзи уларни Россиядан 1,8 миллиард еврога сотиб олди. 

Мавзуга оид