Жаҳон | 08:52 / 25.12.2023
5621
2 дақиқада ўқилади

Сербия пойтахтида - сайловлар сохталаштирилишига қарши янги акциялар

Сербия парламентига сайловларда президент Вучичнинг ўнг қанот популистик блоки ғалаба қозонди. Кузатувчилар қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида гапиряпти. Мухолифат норозилик намойишларини ўтказмоқда.

Фото: Alexander Dzyuba/TASS/dpa/picture alliance

Сербия пойтахтида 24 декабр, якшанба куни кечки пайт парламент ва маҳаллий сайловларда сохталаштиришлар содир этилганига қарши яна оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Минглаб одамлар Белград кўчаларига чиқди, дея таъкидлайди Reuters. Намойишчиларнинг баъзилари мамлакат президенти Александр Вучичга ишора қилиб, «Вучич - ўғри» деб ҳайқирган.

Юзлаб намойишчилар шаҳар маъмурияти биносига киришга ҳаракат қилди, баъзилари деразаларни синдира бошлаган. Полиция намойишчиларни тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Хабар эълон қилинган вақтда қўлга олинганлар ва қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. 

Президентнинг ҳукмрон блоки ғалабаси

Сербияда сайловлар 17 декабр куни бўлиб ўтди. Дастлабки расмий натижаларга кўра, президент Вучичнинг ҳукмрон ўнг қанот популист Сербия прогрессив партияси (SNS) Халқ ассамблеясига (бир палатали парламент) сайловларда 46,72 фоиз овоз олди. «Сербия зўравонликка қарши» мухолифат гуруҳи 23,56 фоиз овоз тўплаган. 

Эртаси куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи парламенти ва Европа кенгаши вакилларидан иборат халқаро кузатувчилар миссияси сайлов участкаларида қатор қонунбузарликлар, хусусан, зўравонлик, овозларни сотиб олиш ва сохта сайлов бюллетенларини ташлаш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Вучич сохталаштириш бўйича айбловларни рад этяпти. 

18 декабр куни кечқурун Белградда серб мухолифатининг минглаб тарафдорлари сохталаштиришларга қарши норозилик намойиши ўтказди. Социал-демократик эркинлик ва адолат партияси вице-президенти Мариника Тепич Белграддаги сайлов натижалари бекор қилинмагунча муддатсиз очлик эълон қилди. 

Мавзуга оид