Ўзбекистондан Қирғизистонга салкам 600 минг доллар ўтказмоқчи бўлган шахсларга ҳукм ўқилди
Наманган туман суди Ўзбекистондан Қирғизистонга 590 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган 4 нафар шахсга ҳукм ўқиди. Айбланувчиларнинг 2 нафари 5 йилга, яна 2 нафари эса 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистондан Қирғизистонга 590 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган шахсларга суд ҳукми ўқилди. ДХХ матбуот хизмати хабар беришича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1998 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар шахс 2023 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида жуда кўп миқдордаги чет эл валюталарини қабул қилиб олиб, уларни жиноий шерикларига етказиш учун Фарғона вилояти томон йўл олишган.
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳудудида улар ушбу хорижий валюталарни Қирғизистонга божхона назоратини четлаб, ўтказиши керак бўлган, Қувасой шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро билан учрашган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Улар ҳаракатланиб келган Spark русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салонида 4 дона қора рангли полиэтилен пакетларга ўралиб, скотч билан маҳкамланган жами 590 945 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳ етакчиси бўлган Қувасой шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,182-моддасининг 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди томонидан ушбу шахсларнинг 2 нафарига нисбатан 5 йил, қолган 2 нафарига нисбатан эса 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган 590 945 АҚШ доллари ва Spark русумли автомашина давлат эгалигига ўтказилди.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
17:25 / 11.11.2024
Қозоғистонда хотинкуш Бишимбаев колониядан қочиб кетгани рад этилди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024