Россия Марйинка харобалари эгалланганини эълон қилди. Бу шаҳар қандай аҳамиятга эга?
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу душанба куни президент Владимир Путин билан учрашувда Донецкдан яқинидаги Марйинка шаҳри Россия қўшинларининг тўлиқ назоратига ўтгани тўғрисида ҳисоб берди. Украина расман бу маълумотни инкор қилиб чиқди, аммо бош штаб ҳар кунлик ҳисоботларида бу ҳудуддаги вазиятга тўхталишни тўхтатган.
Россия давлат агентликлари тарқатган маълумотга кўра, Шойгу Россия қўшини Марйинкани эгаллаш орқали, «[Украина қуролли кучлари] артиллериясини Донецкдан анча узоқлаштирган […], ва бу бугунги кунда Донецкни зарбалардан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради».
Донецкдан бир неча километр жануби-ғарбда жойлашган Марйинка шаҳри 2014 йилда, Россия ва Донбассдаги айирмачилар билан уруш бошланган чоғдаёқ украинларнинг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги мустаҳкам истеҳкомига айланганди.
Украиналик ҳарбийлар рақиб уларни Марйинкадан буткул сиқиб чиқаргани тўғрисидаги маълумотини рад этди.
«Марйинка учун жанглар давом этмоқда. Ҳозирда бизнинг ҳарбий хизматчилар Марйинканинг маъмурий чегараларида бўлиб турибди», — деган украин каналларининг телемарафон эфирида Тавр йўналиши мудофаа кучлари бирлашган матбуот маркази пресс-атташеси Олександр Штупун.
«Шаҳар тўлиқ яксон этилган. Аммо Марйинка тўлиқ ишғол этилгани ҳақида гапириш нотўғри», — дея қўшимча қилган Штупун.
Блогерлар шаҳар чегараларига чиқилганини тасдиқламоқда
Украина ҳарбий блоглари эса Штупиндан кўра Шойгунинг сўзлари ҳақиқатга яқинлигини тасдиқламоқда. Уларнинг айримлари томонидан намойиш этилган хариталарда Россия қисмлари сўнгги вақтларда ҳовузнинг шимолий соҳили ва шаҳар шимолий-ғарбий чеккасидаги собиқ Иван Франко кўчаси бўйлаб олдинга силжиб, унинг маъмурий чегарасига чиққани ва бир вақтнинг ўзида Георгиевка қишлоғига етиб боргани кўрсатилган.
«Тунда душманнинг илғор отрядлари Георгиевкага киришга уринди, аммо ҳаракатни бошлаш босқичидаёқ зарбалар билан тўхтатилди», — дея ёзган душанба куни украин армиясининг 46-десант бригадаси телеграм-канали муаллифлари.
Нима бўлганда ҳам, Марйинка шаҳри тўлиқ эгаллангани ёки тўлиқ эгалланмагани тўғрисидаги баҳслар — бир неча юз метрлик харобалар устидан назорат бўйича баҳслар ҳисобланади. Декабр ойи бошидаёқ шаҳарнинг 96 фоиз ҳудуди руслар назоратига ўтиб бўлганди.
Қолаверса, Украина қуролли кучлари бош штаби ҳарбий ҳаракатларнинг бориши тўғрисидаги кунлик ҳисоботларида Донецк областининг Марйинка шаҳрини тилга олмай қўйган.
«Марйинка йўналишида мудофаа кучлари душманни Донецк областининг Новомихайловкасида тутиб туришда давом этмоқда, бу ерда ҳимоячиларимиз олти ҳужумни қайтарди», — дейилган Украина ҚК бош штабининг 26 декабр тонгидаги сводкасида.
25 декабр куни давомидаги хабарларида ҳам украин ҳарбийлари Марйинка ҳақида эсламаган, ҳолбуки бунга қадар бош штаб маълумотларида ушбу шаҳар ҳудудидаги ҳужумлар қайтарилаётгани тўғрисида тез-тез хабар бериб туриларди (масалан, 25 декабр куни эрталабки сводкада).
Бу рус қўшини Украинада 2023 йил майидан буён эгаллаган илк шаҳар бўлади, ўшанда украин гарнизони Бахмутни ташлаб чиққанди.
Марйинканинг ҳарбий аҳамияти ҳақида
Иля Абишев, BBC
Бир томондан, Россия қўшинлари Марйинкани эгаллаши — катта ютуқ эмас. 2014 йилга қадар 10 минг киши яшаган ушбу шаҳар ҳозирга келиб тамомила яксон қилинган. Украиналик жангчилар ёздаёқ бу ерда ҳимояланиш жуда оғирлигини, чунки яшириниш учун бирорта бошпана қолмаганини айтишарди.
Бошқа томондан, Марйинкада Шойгу армияси харобалардан ташқари манёврлар амалга ошириш учун кенгликка ҳам эга бўлди. Биринчи навбатда, улар Марйинка томондан Украина қуролли кучларининг Новомихайловкадан жанубда жойлашган бошқа таянч пунктига ҳужум қилиш имкониятига эга бўлди, муваффақиятга эришилган тақдирда украинларнинг Вуҳледардаги плацдарми қанотлари бўйлаб ҳужум уюштириш мумкин.
Новомихайловкада аллақачон жанглар бошланиб кетгани ҳисобга олинса, Россия қўмондонлиги ушбу режани амалга оширишга яқин деб айтиш мумкин.
Украина ҚК учун Вуҳледар плацдарми катта оператив аҳамиятга эга ва улар шаҳар атрофидаги ҳудудларни ҳам бой бериш ниятида эмас.
Россия қўшинлари илгарилаши учун бошқа бир йўналиш Н15 трассаси бўлиши мумкин, у ғарбдаги Курахово шаҳрига олиб боради.
Аммо Украина ҚК қўмондонлиги Марйинка тўлиқ эгаллангани тўғри эмаслиги ва украин ҳарбийлари ҳамон унинг маъмурий чегараларида қолиб, шаҳардан ғарбда янги истеҳкомлар барпо этилаётганини хабар қилмоқда. Бу шуни англатадики, руслар бу йўналишда тезкор муваффақиятга эришиши қийин.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024