Бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари учун божсиз режим бир йилга узайтирилди
Балиқ, гўшт, ун, ёғ, банан, цитрус мевалар, сут, қаймоқ, сариёғ, йогурт ва бошқа қатор озиқ-овқат маҳсулотларини импорт божидан озод қилиш бўйича имтиёзли давр президент фармони билан 2024 йил охиригача узайтирилди. Фармон нархлар барқарорлигини сақлашга қаратилган.
“Истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.
Фармон билан, 2022 йил 31 майдаги ПФ-145-сонли фармоннинг 1-иловасида ҳамда 2023 йил 23 мартдаги ПФ-41-сонли фармоннинг иловасида келтирилган товарларга импорт божхона божининг нол ставкасини қўллаш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бунгача бу муддат 2024 йил 1 январгача эди.
Божсиз режим амал қилаётган товарлар қаторига балиқ, гўшт, ун, ўсимлик ёғи ва бошқа ёғлар, қуюлтирилган сут, қаймоқ, сариёғ, йогурт, пишлоқ, творог, тухум, банан, цитрус мевалар, янги ёки қуритилган хурмо, янги олма, нок, беҳи, чой, кофе, ёрмалар, хамиртуруш, қандолат маҳсулотлари, мурабболар, макарон маҳсулотлари ва бошқалар киради.
Янги фармонга кўра, улар қаторига 2024 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача қуйидагилар ҳам қўшилади (Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг нол ставкаси қўлланади):
- янги сўйилган, совутилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлар (ТИФ ТН коди 0207);
- кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган кунгабоқар, махсар ёки пахта мойи ва уларнинг фракциялари (ТИФ ТН коди 1512).
Аввалроқ Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчилар бу имтиёзнинг муддати тугаши озиқ-овқатлар нархи ошишига олиб келиши мумкинлиги ва имтиёзни муддатли эмас, доимий қилиб белгилаш зарурлигини айтганди.
Мавзуга оид
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
10:59 / 20.10.2024