Жаҳон | 20:41 / 01.01.2024
35633
4 дақиқада ўқилади

Путин Белгород ўққа тутилишига муносабат билдирди

У Украина бўйлаб зарбаларни кўпайтириш билан таҳдид қилган.

Фото: Кремл сайти

Россия президенти Владимир Путин Украина қуролли кучларининг Белгород бўйлаб зарбаларини теракт деб баҳолади. У бу ҳақда Украинадаги урушда ярадор бўлганлар билан Москва яқинидаги Вишневский номидаги ҳарбий ҳоспиталда ўтказилган учрашув чоғида маълум қилган.

«Белгородда бўлган ишлар — бу, шубҳасиз, террорчилик актидир. Чунки, улар иккита «Олха» ракетаси билан чалғитиб баравар ўт очиш реактив тизимларидан зарбалар йўллашди. Бу нима эканини сиз ҳарбийлар биласиз. Бу бирор нишонга эмас, бутун майдонни қамраш учун зарба берадиган қурол. Ва бу қурол билан улар шаҳар марказига зарба йўллашди. Шунчаки Янги йил арафасида сайр қилиб юрган тинч аҳоли вакилларига йўналтирилган зарба», — деган Путин ҳарбийлардан бири билан мулоқотда.

РФ президенти Белгород ўққа тутилиши туфайли «қони қайнагани»ни билдирган. Унинг сўзларига кўра, РФ бундай ўт очишларга жавобан ҳарбий объектлар бўйлаб зарба беради. «Доим шундай қиламиз. Эътибор берган бўлсангиз, том маънода кейинги куни шундай зарбалар берилган. Ва бугун ҳам, менимча шундай зарбалар берилмоқда ва эртага ҳам шундай қилинади», — деган у.

«Улар [украинлар] бизни қўрқитиш ва мамлакат ичида ишончсизлик муҳити яратишни истамоқда. Биз зарбаларни кўпайтирамиз. Тинч аҳолига қарши бирор жиноят жазосиз қолмайди», — дея қўшимча қилган Путин.

У Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги вазиятни қониқарли деб атаган.

«Биз юқори баҳо бериб юбормасликка ҳаракат қиламиз. Қониқарли», — деган Путин ҳарбий хизматчилардан бирининг у ҳарбий ҳаракатларнинг боришини қандай баҳолаши ҳақидаги саволига жавобан.

РФ президенти Россия қуролли кучларининг салоҳияти ва имкониятлари муттасил равишда ортиб бораётганини  таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар замонавий қуролларни қўллашни шу қадар тез ўзлаштирмоқдаки, бунга «дунёдаги бирорта армия қодир эмас».

Путин Россия ҳукумати Украинадаги можарони «имкон қадар тезроқ» якунлашни исташи ва «абадий жанг қилиш» ниятида эмаслиги, аммо ҳарбий ҳаракатлар фақат Москва шартлари бўйича якунланиши мумкинлигини таъкидлаган. «Ўз позицияларимизни топширмоқчи эмасмиз. <...> Бунақа бўлмайди», — дея қайд этган у.

  • Украина қўшини 30 декабр куни кундузи Белгород марказига зарба йўллаганди. Бу Украина қуролли кучларининг кенг кўламли уруш бошланганидан буён Россия ҳудудига йўллаган йўллаган энг кучли зарбалари эди. Натижада 25 киши ҳалок бўлган ва 100 дан ортиқ киши яраланган. Россия Белгородга зарба Буюк Британия иштирокида йўлланганини билдирган.
  • Украина нашрларининг махсус хизматлардаги манбалари Белгород бўйлаб зарба украин шаҳарлари 29 декабр куни РФ армияси томонидан ёппасига ўққа тутилишига жавобан амалга оширилганини ёзган.
  • Белгород ўққа тутилишига жавобан РФ қўшини ўша куни кечқурун Харкив бўйлаб зарбалар берди. Бу ҳужум оқибатида 28 киши жароҳатланган, улар орасида — британиялик журналист ҳам бор.

Мавзуга оид