Жаҳон | 09:53 / 02.01.2024
11193
2 дақиқада ўқилади

Кореяда номаълум шахс мухолифат етакчисига пичоқ билан жароҳат етказди

Демократик партия етакчиси Ли Чжэ Мён Пусан шаҳридаги аэропорт қурилишига ташриф буюрганида, унга номаълум шахс томонидан ҳужум уюштирилди. Сиёсатчи турган жойида йиқилган, кейин касалхонага тезкорлик билан етказилган.

Фото: Reuters

Жанубий Кореянинг асосий мухолифатдаги Демократик партияси раиси Ли Чжэ Мён 2 январ, сешанба куни оммавий тадбир вақтида ҳужумга учради. Ли Пусандаги Кадокто оролида янги аэропорт қурилишига ташриф буюрганидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, унга дастхат олиш учун келган тахминан 50-60 ёшлардаги номаълум эркак тўсатдан сиёсатчига ҳужум қилиб, унинг бўйнига пичоқ урган. 

Ҳодиса вақтида олинган суратларда Жанубий Корея мухолифати етакчиси кўзларини юмган ҳолда ерда ётгани, унинг атрофида тўпланган оломон бўйнига рўмол босиб турганини кўриш мумкин. Маҳаллий ОАВ хабар беришича, Ли кўп қон йўқотган бўлса-да, ҳушида қолган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, у тезкорлик билан касалхонага етказилган.

«Рёнхап» агентлиги ҳужум қилган шахс воқеа жойида қўлга олинганини хабар берди. 

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл тезкор тергов ўтказишни буюрди ва Лини қўллаб-қувватлашини билдирди, дейилади президент идораси баёнотида. «Юн жамиятимиз ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда бундай зўравонликларга тоқат қилмаслиги кераклигини таъкидлади», — дейилади баёнотда. 

Соннам шаҳри собиқ мэри Ли Чжэ Мён Демократик партияни 2022 йил ўрталаридан бери бошқариб келмоқда. У 2022 йил март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида Юн Сок Ёлга кичик фарқ билан ютқазди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид