Жаҳон | 18:00 / 02.01.2024
28999
3 дақиқада ўқилади

Токио аэропортига қўнишда йўловчи самолёт ёниб кетди. Қурбонлар бор

Токионинг «Ҳанэда» аэропортида Japan Airlines авиакомпанияси йўловчи самолёти соҳил қўриқлаш хизмати самолёти билан тўқнашув оқибатида ёниб кетди. Лайнер бортида бўлганларнинг барчаси эвакуация қилинган, аммо соҳил қўриқлаш хизмати самолётида беш киши ҳалок бўлган.

Фото: Reuters

Япония бош вазири Фумио Кишида миллий телевидение эфиридаги чиқишида соҳил қўриқлаш хизмати самолёти экипажининг олти нафар аъзосидан беш нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади, бу самолёт бир кун олдинги зилзиладан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга жалб этилганди.

NHK телеканали хабарида соҳил қўриқлаш хизмати самолётида беш киши ҳалок бўлгани, кема капитани омон қолгани, аммо жиддий жароҳатлангани хабар қилинганди.

Тахминларга кўра, Исикава префектурасидаги Ното яриморолида кучли зилзиладан жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат етказиб бериши керак бўлган соҳил қўриқлаш хизмати самолёти Japan Airlines авиакомпаниясининг учиш-қўниш йўлагига кириб келган йўловчи самолёти билан тўқнашиб кетган.

NHK телеканали эълон қилган кадрларда йўловчилар самолётдан дамлама трапга сакраб, қандай қутулаётгани акс этганини кўриш мумкин.

Japan Airlines авиакомпанияси хабарига кўра, бортда бўлган 367 йўловчи ва экипажнинг 12 аъзоси эвакуация қилинган.

Ёниб кетган самолёт — Airbus A350 2021 йилда ишлаб чиқарилган. Бу Ҳоккайдо оролидаги «Син-Титосе» аэропортидан учиб келган JAL516 рейси бўлган.

«Ҳанэда» аэропортида олинган кадрларда ёнғинни ўчиришга ўнлаб ўт ўчирувчилар жалб этилгани акс этган.

Улкан йўловчи лайнер амалда бутунлай ёниб кетган, тунги осмонга улкан булут устунлари кўтарилган.

Ёниб кетган самолёт ҳақида нималар маълум?

Japan Airlines авиакомпанияси 516 рейси Ҳоккайдодаги Саппоро шаҳри яқинида жойлашган «Титосе янги аэропорти»дан маҳаллий вақт билан соат 16:00 да (Тошкент вақти билан 12:00) учган.

Саппоро Токиодан тахминан 832 км (517 миля) шимолда жойлашган.

Flightradar сайти маълумотига кўра, самолёт «Ҳанэда» аэропортига маҳаллий вақт билан соат 17:47 да (Тошкент вақти билан 13:47) қўнган.

Ҳодисадан кейин аэропорт раҳбарияти барча учиш-қўниш йўлакларини ёпган.

Юзлаб йўловчилар ёнаётган самолётдан муваффақиятли эвакуация қилингани факти Japan Airlines авиакомпаниясидаги юқори даражадаги феноменал хавфсизлик стандартларидан далолатдир, дея қайд этади Буюк Британиянинг Крэнфилдск университетининг транспорт тизимлари бўйича мутахассиси Грэм Брейтуэйт.

«Эвакуация муваффақиятли ўтказилди ва бу борт кузатувчиларни ўқитиш учун қанча маблағ сарфланганини кўрсатади. Уларнинг бутун эътибори хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Уларнинг ўзи самолётдан охирги бўлиб чиққан. Афтидан, улар ақл бовар қилмас иш кўрсатишди», — дейди Брейтуэйт BBC учун берган изоҳида.

BBC бизнес-корреспонденти Тео Леггеттнинг қайд этишича, Japan Airlines лайнери бортидаги ёнғин — Airbus A350 иштирокидаги илк йирик авариядир. Янги авлоддаги ушбу самолётнинг аксар қисми замонавий материаллардан тайёрланган — масалан, углерод толаси билан мустаҳкамланган пластик каби материаллардан.

Экспертларнинг сўзларига кўра, ёнғин бошланганидан кейин самолёт етарлича узоқ бардош берган ва бу ундан йўловчилар ҳамда экипаж аъзолари чиқиб олишини таъминлаган, дея қўшимча қилади корреспондент.

 

Мавзуга оид