Ўзбекистон | 21:21 / 05.01.2024
41788
1 дақиқада ўқилади

Бюджет ташкилотларида маошлар кечикаётганига изоҳ берилди

Маошлар тўланишидаги кечикиш UzASBO-2 тизимига ўтишда юзага келган техник носозликлар билан боғлиқ. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иш ҳақини белгиланган муддатларда (5 иш кунида) тўлаб бериш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчилари декабр ойи учун маошлари тўланиши кечикаётганидан шикоят қилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги изоҳига кўра, бу – бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича UzASBO-2 тизимига ўтиш жараёнида юзага келган техник муаммолар билан боғлиқ.

“Бугунги кунда ушбу носозликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди ҳамда UzASBO-2 тизими орқали бюджет ташкилотларининг декабр ойи иккинчи ярми учун 35 фоиз бюджет ташкилотларининг иш ҳақлари молиялаштириб берилиши таъминланди.

Иш ҳақини тўлаш жараёнида UzASBO-2 тизимининг бир маромда ишлаши учун мутахассислар томонидан мониторинг олиб борилмоқда ва иш ҳақини белгиланган муддатларда (5 иш кунида) молиялаштириб бериш юзасидан зарурий чоралар кўрилмоқда”, – дейилади вазирлик Telegram-каналига 5 январ соат 18:09да жойланган хабарда.

Маълумот учун, UzASBO тизимидаги техник носозликлар сабаб бюджет ташкилотлари ходимларига тўловларнинг кечикиши бундан аввал ҳам кузатилган.

Мавзуга оид