Жаҳон | 14:25 / 06.01.2024
7782
2 дақиқада ўқилади

Слуцкий ва Даванков Россия президентлигига номзод бўлди

РЛДП раҳбари Леонид Слуцкий билан бирга Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков ҳам президент лавозимига рўйхатга олинди. Иккаласи ҳам парламентдаги партиялар вакиллари сифатида имзо тўплашга мажбур бўлмади.

Фото: РИА Новости

Россия Марказий сайлов комиссияси Давлат думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий ва Давлат думаси спикери ўринбосари Владислав Даванковни 2024 йил мартида бўлиб ўтадиган сайловларда президентликка номзод сифатида рўйхатга олди. Слуцкий - Россия Либерал-демократик партияси (РЛДП) раиси, Даванков эса - «Новые люди» партиясидан номзод. Ҳар иккиси ҳам парламентдаги партияларнинг вакиллари бўлгани сабабли, номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун сайловчилар имзосини тўплаши талаб этилмади.

Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси «Коммунисты России» партияси раиси Сергей Малинковичнинг ишончли вакилларини ҳам рўйхатга олди – у 28 декабр куни номзод сифатида кўрсатилган. Малинкович, Слуцкий ва Даванковдан фарқли ўлароқ, парламент партияси вакили эмас, шунинг учун 31 январгача уни қўллаб-қувватлаганларнинг 100 минг имзосини тўплаши керак.

МСК Екатерина Дунцовага сайловда иштирок этишга рухсат бермади 

Декабр ойи охирида Марказий сайлов комиссияси ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг ўзини президентликка номзодини қўйиш учун имзо тўплашига рухсат бермади. Унинг ҳужжатларида юздан ортиқ хатолик аниқлангани айтилган. 

Орадан кўп ўтмай, Марказий сайлов комиссияси Владимир Путиннинг Россия президенти сайлови учун ишончли вакилларини рўйхатга олди. Унинг ўз номзодини қўйишини қўллаб-қувватловчи имзо тўплаш жараёни 23 декабр куни бошланган. Сайловда номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун ҳар бир мустақил номзод 300 минг имзо тўплаши керак. 

Россия Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловини уч кун ичида – 2024 йилнинг 15 мартидан 17 мартигача ўтказишга қарор қилди. 

Мавзуга оид