Жаҳон | 12:16 / 11.01.2024
2059
3 дақиқада ўқилади

Байден Россияда қамалган Пол Уиланнинг синглиси билан учрашди

Россия Федерациясида жазо муддатини ўтаётган Пол Уиланнинг синглиси Элизабет Уилан билан учрашувда АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан ҳам иштирок этди. Учрашувдан сўнг Байден Уиланнинг ота-онасига қўнғироқ қилди.

Пол Уилан Фото: РИА Новости / Григорий Сысоев

АҚШ президенти Жо Байден 10 январ, чоршанба куни Россияда жосусликда айбланган америкалик собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уиланнинг синглиси билан учрашиб, маъмуриятнинг уни «озод этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари»ни муҳокама қилди, деб ёзади Американинг The Hill нашри Оқ уйга таяниб. 

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан иштирок этган учрашувдан сўнг, Оқ уй раҳбари Уиланнинг ота-онаси билан телефон орқали гаплашди. 

Пол Уилан 2018 йилнинг декабрида Москвада қўлга олинган эди. Россиялик терговчилар уни Америка разведка идораларида разведкачи сифатида ишлаганликда айблади. Россия расмийларига кўра, Уилан Россияда махфий маълумотларни тўплаган ҳамда «ФСБ» ва Мудофаа вазирлиги ходимларини ёллашга уринган. 2020 йил ёзида америкалик 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Пол Уилан ўз айбини тан олмади. Қўшма Штатлар унинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб атади, Россия айбловларини танқид қилди ва Америка фуқароси устидан суд жараёнини сохта жараён сифатида баҳолади.

Озод қилишга уринишлар муваффақиятсизликка учради 

The Hill хабарида айтилишича, Уилан ва 2023 йил март ойида Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган The Wall Street Journal мухбири Эван Гершковичнинг озод этилиши Байден маъмурияти учун устувор вазифа ҳисобланади.

Байден маъмурияти 2022 йил декабр ойида қурол сотувчи Виктор Бутнинг Россияга топширилиши эвазига озод қилинган америкалик баскетбол юлдузи Бриттни Грайнер иши бўйича маҳбуслар алмашинуви доирасида Уиланнинг қайтарилишига эриша олмади.

Вашингтон расмийлари жосуслик айбловлари туфайли россияликлар Грайнерникидан кўра Уиланнинг озод қилиниши бўйича қатъийроқ талаб қўяётганини айтиб келади. Гершковичга нисбатан ҳам худди шундай айбловлар унинг озод этилишини қийинлаштирмоқда.

Уилан АҚШ расмийларини танқид қилган 

Беш йилдан ортиқ вақтдан бери Россия қамоқхонасида ўтирган Уилан ўзини «ватани томонидан ташлаб қўйилган» деб ҳисоблаб, Америка расмийлари ҳаракатларини бир неча бор танқид қилган. У ўзини Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви рўйхатига киритмаслик қарорини «жиддий хиёнат» деб баҳолади. 

Россия президенти Путин, ўз навбатида, АҚШ билан маҳбуслар алмашинуви бўйича мулоқот «давом этаётганини, аммо бу осон эмаслигини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия томони маҳбусларни қайтаришдан бош тортмаган ва «ўзаро мақбул» шартлар бўйича келишувга эришмоқчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид