Ўзбекистон | 22:06 / 12.01.2024
5829
3 дақиқада ўқилади

Давлат хариди қонунчилигини бузган 500 га яқин мансабдор шахс жавобгарликка тортилди

Рақобат қўмитаси давлат харидлари бўйича ўтказилган танлов (тендер) савдоларида аниқланган қонунбузарликлар ҳақида маълумот берди. 

Давлат харидларида «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунларни бузган 500 га яқин мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди. 

Қайд қилинишича, 2023 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 62 мингдан ортиқ танлов (тендер) савдоларида буюртмачилар томонидан 19 мингга яқин (30%) савдолар жараёнида 27 мингдан ортиқ рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган. 

70 фоиз ҳолат савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш (баҳолаш мезонларини белгиламаслик, аффилланганлик ҳолатлари, нотўғри баҳолаш, шартнома тузишни рад этиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олмаслик ва б.) билан боғлиқ бўлса, 30 фоизида савдо иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш, айрим иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, ҳаддан зиёд юқори техник талаблар белгилаш, етказиб бериш муддатларини қисқа белгилаш, савдоларнинг предметига технологик ва функционал жиҳатдан боғлиқ бўлмаган қўшимча хизматларни киритиш кабилар ташкил этган. 

Жумладан, Миллий Банк томонидан бошланғич қиймати 20,4 млрд сўмга тенг бўлган Андижон вилоятидаги банк филиалининг янги биносини қуриш учун ўтказилган тендерда иштирокчиларни асоссиз харид тартиб таомилларидан четлатилгани аниқланган. 

Хоразм вилояти, Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан 5 та лотда қиймати 5,6 млрд сўмга тенг бўлган махсус техникаларни харид қилиш учун ўтказилган танлов савдоларида иштирокчиларнинг таклиф ҳужжатларини баҳолашда хато ва камчиликларга йўл қўйилган ва бу ҳолат харид натижасига таъсир кўрсатган. 

Фарғона вилояти, 2-сон туманлараро фтизиатрия диспансери томонидан бошланғич қиймати 969,9 млн сўм бўлган рақамли рентген аппарати флюорография харидларида рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритилган. 

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ томонидан 44 та мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналарини ташкил қилиш ва ускуналар билан таъминлаш бўйича бошланғич қиймати 1,5 млрд сўм бўлган танловда айрим тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шарт-шароит яратилгани аниқланган.

Мавзуга оид