Жаҳон | 12:13 / 13.01.2024
2728
3 дақиқада ўқилади

Boeing 737 MAX 9 парвозлари номаълум муддатга тўхтатилди

Boeing 737 MAX 9 «биз бу хавфсиз эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмагунимизча осмонга қайтмайди», дея маълум қилди АҚШ федерал авиация бошқармаси.

Фото: NTSB/Handout via REUTERS

АҚШ федерал авиация бошқармаси (FAA) Boeing компаниясидан 737 MAX 9 самолётини фойдаланишга қайтариш бўйича компания таклиф этган текшириш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнини тасдиқлашдан олдин қўшимча маълумот тақдим этишни талаб қилди. FAA жума куни эълон қилган баёнотда айтилишича, Alaska Airlines’даги ҳодисадан сўнг фойдаланишдан чиқарилган модел «биз бу хавфсиз эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмагунимизча, осмонга қайтмайди». 

FAA Boeing процедураларидан фойдаланган ҳолда 40 та самолётни текширишдан маълумотларни тўплашни режалаштирмоқда, сўнг бу жараён фойдаланишдан олинган қолган самолётлар учун мос келадими ёки йўқми, бу бўйича қарор қабул қилади. «Энг юқори хавфсизлик стандартларини сақлаб қолиш учун агентлик 40 та текширувнинг биринчи босқичида олинган маълумотларни кўриб чиқмагунча текшириш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнини тасдиқламайди, - дейилади баёнотда. - Маълумотлар тўлиқ кўриб чиқилгандан сўнг, FAA кўрсатмалар энг юқори хавфсизлик стандартларига жавоб берадими ёки йўқми, шуни аниқлайди». 

АҚШда 171 та самолёт фойдаланишдан чиқарилди

Қўшма Штатларда жами 171 та Boeing 737 MAX 9 самолёти парвозларга чиқарилмаяпти, ушбу моделдан фойдаланаётган Alaska Airlines ва United Airlines FAA’нинг фавқулодда текширувлар бўйича янгиланган кўрсатмаларини кутмоқда. «Биз шунга ўхшаш нарса бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун ҳаракат қилмоқдамиз, - деди FAA маъмури Майкл Уитакер. - Бизнинг ягона ташвишимиз - америкалик саёҳатчиларнинг хавфсизлиги». 

Boeing FAA билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга ваъда бериб, қўшимча текширувларни тўғри қабул қилди. «Биз сифат ва хавфсизликни яхшилашга қаратилган барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз», дейилади компания баёнотида.

Парвоз пайтида Boeing самолёти фюзеляжининг бир қисми узилиб кетди

Boeing 737 MAX 9 самолётини навбатдаги текширувдан ўтказишга сабаб бўлган воқеа маҳаллий вақт билан 5 январ куни кечқурун Американинг Орегон штати узра содир бўлган. Портленддан Калифорнияга йўл олган самолёт парвозга кўтарилганидан 20 дақиқа ўтиб корпус фюзеляжининг бир қисми иллюминатор билан бирга узилиб кетди.

New York Times хабарига кўра, гап «эшик таянчи» деб аталадиган нарса ҳақида кетмоқда - ишлаб чиқарувчи фавқулодда чиқиш учун мўлжалланган жойга ўрнатиши керак бўлган самолёт фюзеляжининг бир қисми, ундан самолётнинг якуний конфигурациясида воз кечилди.

Самолёт Портленд аэропортига қайтиб, фавқулодда қўнишни амалга оширди. Кабинада ҳаво босими пасайиб кетганлиги сабабли, узилиб кетган фюзеляж ёнидаги ўриндиқлардан бирида ўтирган ўсмир енгил жароҳатлар олди, бошқа жабрланувчилар ҳақида хабар берилмаган. 

Мавзуга оид