Ўзбекистон | 23:30 / 13.01.2024
17858
2 дақиқада ўқилади

Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак — Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари Ўзбекистонда миллий контент яратиш долзарблигини айтди, шунингдек, оммавий ахборот воситаларидаги танқидларга муносабат билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 январ куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида ахборот хавфсизлиги масалаларига тўхталиб ўтди.

Жумладан, давлат раҳбари Ўзбекистонда миллий контент яратишнинг долзарблигини таъкидлади.

«Биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берамиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент оммавий ахборот воситаларидаги танқидларга ҳам муносабат билдирди.

«Ҳар қандай танқидга жавоб беришга (тайёр бўлишимиз), журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак. Ноҳақ бўлса, унга тушунтириш орқали ёлғон хабарларнинг олдини олишга ўрганишимиз ва бунинг нопок ва ёлғонлигини бутун жамиятимизга тушунтиришимиз керак», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид