Чегарани мустаҳкамлаётган украинлар ва Днипрода қурбонларни хотирлаш. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 690-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Владивостокнинг собиқ мэри, порахўрлик учун 12 йилга қамалган Олег Гуменюк Украинага урушга йўл олгани маълум бўлди.
- Афинада британларнинг The Tiger Lillies гуруҳи концерти бекор қилинди, гуруҳ Украинани қўллаб-қувватлаган.
- «Техносили»нинг собиқ хўжайини Михаил Кокорич Украинадаги уруш туфайли Россия фуқаролигидан воз кечгани маълум бўлди. Forbes билан суҳбатда ушбу тадбиркор унда бошқа мамлакат фуқаролиги борлигини билдирган, аммо қайси мамлакат эканига ойдинлик киритмаган.
- Давосда Украинани қўлловчи давлатларнинг тўртинчи саммити ўтказилди, унда Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласи» муҳокама этилди.
- Днипро аҳолиси бир йил муқаддам россияликлар ракета зарбасидан вайрон бўлган турар жой биноси олдига гуллар ва шамлар келтиришди. Ўша ҳужум оқибатида 46 киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши яраланганди.
Украина ҚК Черниҳив областида чегараларни мустаҳкамлашда давом этмоқда
Украинанинг Черниҳив области Беларуснинг Гомел области ҳамда Россиянинг Брянск области билан чегарадош ҳисобланади. 2023 йил декабрида Украина қуролли кучлари Беларус билан чегарани «Суровикин линияси» намунаси бўйича мустаҳкамлашни бошлади, бундай мудофаа чизиқлари Россия армияси украинларнинг ёзги қарши ҳужумини тўхтатиш имконини берганди (ҳарбий экспертлар Украина жанубидаги «Суровикин линияси»ни Иккинчи жаҳон урушидаги йирик муҳандислик мудофаа истеҳкомлари билан тенглаштиришган). 2024 йил январида украин ҳарбийлари Брянск области билан чегарани ҳам мустаҳкамлашга киришишди.
Донецк области Марйинка шаҳри яқинидаги украин артиллериячилари
2023 йил охирида Россия қўшини Украина армиясидаги ўқ-дори ва захиралар тақчиллигидан фойдаланган ҳолда Марйинкани эгаллаб олиш жараёнини якунлади, шаҳарни эгаллаш учун ҳужум 2022 йил февралида бошланганди. Украина ҚК бўлинмалари Донецк чеккасидаги ҳудудлардан шимолга (Красногоровка шаҳрига), жанубга (Победа қишлоғига) ва ғарбга (Георгиевка қишлоғига чекинган). РФ қуролли кучлари истиқболда бу уч йўналиш бўйича юришларни давом эттириши мумкин, аммо Россия қўмондонлигида барча уч йўналишни қамраб олишга ресурслар етишмайди: Марйинка атрофидаги РФ қуролли кучларига бошқа қўшимча кучлар етказиб берилмаган.
Днипродаги уйга зарбанинг бир йиллиги
2023 йил 14 январ куни Россия қўшини Украина ҳудудини яна бир бор ўққа тутганди. Ракеталардан бири, беш тоннали Х-22 Днипродаги кўп қаватли уй биносига келиб урилган — Ғалаба соҳилидаги тўққиз қаватли ва 18-подъездли уйга. Ракета корпуслардан биридаги иккинчи ва учинчи подъездларда 63 та квартирани тўлиқ вайрон қилган, 200 дан ортиқ уй жиддий шикастланган.
Зарба оқибатида 46 киши ҳалок бўлган, улардан олти нафари — болалар эди; уйда яшовчилардан 81 киши яраланган; яна тўққиз нафар киши бедарак йўқолган деб ҳисобланган (ҳозирга қадар бу маълумот янгиламаган). Бу воқеадан бир йил ўтиб Днипро аҳолиси қурбонлар хотираси учун вайрон бўлган уй олдида яна ёдгорлик ташкил этди.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024