Жаҳон | 11:29 / 17.01.2024
9385
3 дақиқада ўқилади

Қрим кўпригига дронлар ҳужуми: Росгвардия полковниги 6 йилга қамалди

Ҳарбий суд Қрим кўприги учувчисиз учоқлардан етарли даражада ҳимояланмагани учун Россия гвардияси денгиз бошқармаси бўлим бошлиғини 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. У яроқсиз ускуналарни фойдаланишга қабул қилгани айтилади.

Фото: Globallookpress

Россия Федерацияси суди Россия гвардияси полковнигини Керч бўғози орқали Россияни Қрим яримороли билан боғловчи кўприкни Украина учувчисиз учоқларидан ҳимоя қилиш бўйича етарли чоралар кўрилмагани учун айбдор деб топди. Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Россия гвардияси денгиз бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Сергей Волковни Қрим кўпригини қўриқлаш учун сифатсиз радарлар етказиб беришда айблаб, 6 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди, деб хабар берди «Медиазона» сешанба, 16 январ куни. Бундан ташқари, унга икки йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди.

Волков Жиноят кодексининг оғир оқибатларга олиб келган мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича айбдор деб топилди. 

Дронлардан ҳимояланиш учун яроқсиз бўлган қурилмалар 

Россия гвардияси денгиз бўлими бошлиғининг ҳибсга олингани 2023 йил март ойида маълум бўлди. Айблов томони 7 йил қамоқ жазоси, унвон ва мукофотлардан маҳрум этиш ҳамда 3 йилга давлат ишида ишлашни тақиқлашни сўради, деб хабар берди «Коммерсант» аввалроқ. 

Тергов маълумотларига кўра, Волков Қрим кўпригини ҳимоя қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган ҳужумкор дронларга қарши курашиш радар тизимларини қабул қилган. Улар Ростов радиоалоқа илмий тадқиқот институти (РНИИРС) томонидан 395,5 миллион рубллик шартнома бўйича етказиб берилган. Кейинчалик маълум бўлишича, бу комплекслар «учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашдаги муаммоларни муваффақиятли ҳал қилишга имкон бермаган», деб таъкидлайди «Медиазона» тергов материалларига таяниб.

Ҳукмни эълон қилар экан, судя радарлар ишлаётганини, аммо дронлардан ҳимояланиш учун яроқсизлигини таъкидлади. Айбланувчи ўз айбини тан олмади. Унинг ҳимояси ускуна ушбу ҳудуддаги монополистдан сотиб олинганини таъкидлади.

Украина Қрим кўпригини қонуний ҳарбий нишон деб эълон қилди

Украина кўприкни қонуний ҳарбий нишон деб билишини бир неча бор таъкидлаган, чунки у Россия кучларини таъминлаш учун ҳам фойдаланилган. Россия Федерациясининг кенг кўламли ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери Қрим кўприги икки марта - 2022 йил октябр ва 2023 йил июл ойларида жиддий шикастланган. Биринчи ҳолатда тиркамали юк машинасининг портлаши натижасида йўл кўприги уч оралиқ қисми, иккинчи портлашдан кейин эса кўприк бир оралиқ қисми қулаб тушган, иккинчиси эса шикастланган. Биринчи портлашда тўрт киши ҳалок бўлган, иккинчиси эса машиналардан биридаги эр-хотиннинг ҳаётига зомин бўлган. Портлашлар учун жавобгарликни Украина хавфсизлик хизмати ўз зиммасига олди.

Мавзуга оид