Жаҳон | 21:32 / 19.01.2024
24672
2 дақиқада ўқилади

Татаристон расмийларига ўзбек тилини ўрганиш маслаҳати берилди 

Россиянинг ушбу ҳудудида ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ўзбекистонликлар ҳисобига ҳал қилиш таклиф этилди. 

Фото: newsko.ru

Россиялик иқтисодчи Наталя Зубаревич Татаристон ҳукуматига ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистонга юзланиш ва ўзбек тилини ўрганишни маслаҳат берди. 

«Бу борада ҳеч нарса қилиб бўлмайди, фақат мослашиш керак. Татаристонда ва умуман Россияда ишчи кучи етишмаслиги муаммосини 2020-йиллар охиригача ҳал қилиб бўлмайди», деди у Татаристон Инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (ИРА) йиғилишида. 

Зубаревич буни Россия аҳолиси демографик тузилишининг ўзига хос хусусиятлари билан изоҳлади. «Улар [россияликлар] меҳнат бозорига 20 ёшда кирмоқда, бу жуда камчилик авлод. Уларнинг сони 35-38 ёшдагиларга қараганда уч баробар кам. Аёллар энди туғмай қўйди. Сизга ишчи кучи керак, аммо у йўқ», деб таъкидлади эксперт.

Иқтисодчи мутасаддиларга «Ўзбекистонга назар солишни» таклиф қилди. 

«Тожикистондан кўра Ўзбекистон яхшироқ. Кадрлар сифати нуқтаи назаридан», деди Зубаревич. Шу билан бирга, у чет элликлар оиласи билан келиши туфайли ижтимоий харажатлар ортиб бориши ҳақида огоҳлантирди. 

«Қисқаси, Россияда ишчи кучини топа олмайсиз. Кавказга бормасангиз ҳам бўлади - бу одамлар станок олдида турмайди. Ўзбеклар эса бир нечта заводларни, жумладан, кореяликларникини ташкил қилишди… Ва бу Тошкент яқинида, Фарғона водийсида иш берди. Шунинг учун ўзбек тилини ўрганинг, бу сиз учун осон», деди иқтисодчи Татаристон расмийларига.

Мавзуга оид