Жаҳон | 13:14 / 23.01.2024
3391
2 дақиқада ўқилади

Яман: АҚШ ва Британия ҳусийчилар объектларига янги зарбалар берди

Операцияда иштирок этганларнинг айтишича, янги зарбалар Қизил денгиздаги савдо кемалари ва ҳарбий кемаларга ҳусийчилар ҳужумларига жавобан берилган.

Фото: AP

Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ ва Британия ҳарбийлари 22 январ, душанба куни Ямандаги исёнчи ҳусийчилар нишонларига янги зарбалар берди. Британия Мудофаа вазирлиги қўшма баёнотида айтилишича, аниқ бошқариладиган ракета зарбалари ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги савдо кемалари ва ҳарбий кемаларга ҳужумларига жавоб бўлган.

Ҳужжатда айтилишича, саккизта нишон, жумладан ерости омбори, шунингдек, ракета ва ҳаво кузатуви инфратузилмаси билан боғлиқ объектлар урилган. Иттифоқчиларнинг ҳаракатлари «ҳусийчилар глобал савдо ва денгизчилар ҳаётига таҳдид солиш учун фойдаланадиган имкониятларни бузиш ва заифлаштириш» учун мўлжалланган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳусийчиларнинг Адан кўрфазида Ocean Jazz юк кемасига муваффақиятли ҳужум уюштирилгани ҳақидаги даъволарини рад этади. Ҳарбийлар кўрфаздан «хавфсиз ўтиш пайтида» кема билан «доимий алоқада бўлди», деб таъкидлади АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти матбуот хизмати.

Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилари 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилганидан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига мунтазам равишда учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан зарба бериб келади. Ҳусийчилар Яқин Шарқдаги можарога ҲАМАС томонида кирганини эълон қилди.

12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия кўмагида Ямандаги ҳусийчилар нишонларига йирик зарбалар берди. Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байден бу ҳаракатни ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги хорижий юк кемаларига «мисли кўрилмаган» ҳужумларига тўғридан тўғри жавоб деб атади. Ўшандан бери ҳусийчиларнинг позицияларига ҳужумлар давом этмоқда. Вашингтон яманлик ҳусийчиларни глобал миқёсда фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар рўйхатига қайтарди.

Мавзуга оид