Ўзбекистон | 14:00 / 29.01.2024
12475
4 дақиқада ўқилади

Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди

Мутасаддиларга чет эллик ҳамкорлари билан музокара ўтказиб, темирйўл қатновларини пандемиягача бўлган рақамларга етказиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда пандемия даврида темирйўл қатновлари 2 карра қисқаргани оқибатида қиш кунлари одамлар чет элга машина ёки автобусда кетишга мажбур бўлаётгани, қишда йўлларда нохуш ҳолатлар рўй бераётганига тўхталиб ўтилди.

Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли корхонада халқаро қатновлар учун 167 та автобус бўлгани билан, корхона хусусий сектор ва қўшни давлатлар ташувчилари билан рақобат қила олмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан комплекс раҳбариятига чет эллик ҳамкорлари билан музокара ўтказиб, темирйўл қатновларини пандемиягача бўлган рақамларга етказиш топширилди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро автобусда ташишлар соҳасига хусусий шерикларни жалб қилиш ва рақобатни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда вилоятларга жорий йилда 1 минг 200 та автобус ва электробус олиб келиш вазифаси қўйилди.

Автомобил йўллари тизимида ҳам эскича ёндашувларга барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Йўл қурилишида яширин иқтисодиёт улуши анча юқорилиги қайд этилиб, буни назорат қиладиган Транспорт инспекциясининг фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга йўл қурилишидаги 40 дан зиёд стандарт ва меъёрларни Халқаро муҳандис-консултантлар федерацияси талабларига мослаштириш, йўл қурилиши лойиҳаларига махсус сертификатга эга муҳандис-консултантларни жалб қилиш топширилди.

Бош прокуратура, транспорт прокурорига лойиҳадан объектни топширишгача, шунингдек, уларни эксплуатацияси билан боғлиқ барча жараёнларда талон-торожликка чек қўйиш бўйича тизим яратиш топширилди.  

Шунингдек, Транспорт вазирлигига жорий йилда камида транспорт вазнини ўлчайдиган 30 та тарози ўрнатиш чораларини кўриш топширилди. Ҳар бир вилоятда автомобил серқатнов бўлган камида 20 километрдан йўл эксплуатациясини хусусий секторга бериш бўйича «пилот» лойиҳалар бошланиши белгиланди.

  • 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза областида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги JAC минивэни бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги юк машинасига тўқнашиши оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланганди.
  • 16 январ куни Россиянинг Самара области Ставропол районида ҳам Ўзбекистон фуқаролари ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ рўй берди, бу ҳолатда ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги Lada Largus қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, «Газел» юк машинаси билан тўқнашган, натижада енгил машинадаги уч киши ҳалок бўлиб, тўрт йўловчи шифохонага ётқизилганди.
  • 20 январ куни эса Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари бошқарувидаги автомобиллар билан иккита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Уралск — Атирау трассасида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Mazda CX-7 қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, юк машинасига тўқнашган, бир оила аъзолари кетаётган енгил машинада бўлган тўрт кишидан фақат 14 ёшли ўсмир омон қолган. Атирау — Астрахан трассасида эса ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги Chevrolet Cobalt қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Mercedes Benz Actros юк машинасига тўқнашган, йўловчилардан бири ҳалок бўлган, қолганлар шифохонага ётқизилган.

Мавзуга оид