Жаҳон | 22:47 / 20.05.2025
1329
2 дақиқада ўқилади

Россия фуқаролигини олган 20 минг чет эллик Украинага қарши урушда қатнашмоқда — Бастрикин

Рейдлар давомида «военкомат»га боришни хоҳламаган 80 минг шахс ушланган. РФ Тергов қўмитаси раҳбарига кўра, улар орасида Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар ҳам бор.

Фото: chitamedia.su

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинадаги жанговар ҳаракатлар зонасига Россия фуқаролигини олган 20 минг киши юборилганини маълум қилди.

«Ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказмоқда. Биз нафақат жанг майдонига, балки «воэнкомат»га ҳам боришни хоҳламаётган 80 минг нафар Россия фуқаросини ушлади. Уларни ҳарбий ҳисобга қўйдик ва Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшаш негадир ёқмайдиган 20 минг «ёш» Россия фуқароларини жанг майдонига жўнатдик», — дейди Бастрикин.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мунтазам равишда рейдлар ўтказиб, Россия фуқаролигини олган мигрантларга чақирув қоғозларини топширмоқда ёки уларни «военкомат»ларга олиб кетяпти. Қатор ҳолатларда фуқаролик олган мигрантлар Россия паспортини йўқотиш ва мамлакатдан депортация қилиш таҳдиди остида шартномалар имзолашга мажбур бўлмоқда.

2024 йил июнда Бастрикин Россияда мамлакат фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий ҳисобга қўйилмаган 30 минг чет эллик ушланганини маълум қилганди. Ўшанда уларнинг 10 мингга яқини фронт ортига — «окоплар қазишга» юборилган.

Аввалроқ яраланиб, шифохонада ётган ўзбекистонлик Kun.uzʼга йўллаган мурожаатида мажбуран урушга юборилгани, унинг қисмида бошқа ўзбеклар ҳам бўлганини сўзлаб берганди.

Мавзуга оид