Жаҳон | 13:45 / 29.01.2024
11780
11 дақиқада ўқилади

Қизиқарли ва антиқа: электромобиллар эволюцияси

Инсоният электр автомобилларидан қарийб 1,5 аср давомида фойдаланиб келади. Лекин уларга доим янгилик сифатида қаралаверади. Чунки улар вақти-вақти билан йўқолиб-пайдо бўлиб туради. Бунга эса ҳар даврларда турли объектив ва субъектив сабаблар бўлган. Kun.uz айнан шу сабаблар, илк электрокарларнинг нархларидан бугунги кундаги сотувлари ҳажмигача бўлган маълумотлар билан бўлишади.

Хаёлотдан ҳақиқатга ўтган даврлар

Мавзу аввалида автоуловлар эволюциясига бир назар ташлаб олсак. От ва бошқа ҳайвонларсиз ҳаракатланадиган машиналар ёки самолёт ва вертолёт ҳақидаги амалий тасаввурлар 6 аср олдин яшаб ўтган италян рассоми Леонардо да Винчи чизмаларида учрайди.

Ундан кейин 18-асрда буғ билан ишлайдиган двигателлар яратилиб, улар кўчаларда ҳаракатлана бошлади. Электр тортиш кучига эга илк моторнинг миниатура модели эса 1828 йилда, деярли 2 аср олдин венгриялик Анёс Едлик томонидан ихтиро қилинган.

Ҳа, уни тўлақонли автомашина деб бўлмайди, албатта. Бу босқичга ўтилмаган ҳам. Лекин бу ихтиро электрокарлар яратилишидаги турткилардан бири эди. Муҳими, илк қадам ташланди.

6 йил ўтади. 1834 йилда америкалик Томас Девенпорт ўзининг электр мосламасини яратади. Шу йили олим ишланмасини айланма йўлда электрлаштирилган поезд макетига жойлаштиради. Бу ихтирони ҳали тасаввурига ҳам сиғдира олмаётган мутасаддилар унга патент беришда жуда иккиланишади ва бу жараён бироз кечикади. Девенпорт патентга уч йилдан кейин эришади.

Бошқалар ҳам қараб турмайди. Юқоридаги Венгрия ва Америка олимлари билан бир қаторда 1835 йилда голландиялик профессор Сибрандус Стратинг ва унинг ёрдамчиси Кристофер Беккер уч ғилдиракли, қайта зарядланмайдиган бирламчи галваник элементлар томонидан бошқариладиган кичик электр механизмини яратди.

Бу дунёдаги биринчи электр автомобилнинг оғирлиги уч килограммдан ошмайди. Батарея тўлиқ зарядланганда у йигирма дақиқа юра олади ва 1,5 килограмм юк кўтара олган, холос. Албатта, бу 1835 йил учун ёмон дизайн ва ихтиро эмасди.

Бу пайтда шотландиялик ихтирочиси Роберт Андерсон от аравасига электр моторини ўрнатиш бўйича тажриба ўтказди. Унинг ҳамюрти ва адаши Роберт Девидсон эса 6 км/соат тезликда 2,4 км масофага ҳаракатланувчи ҳамда 6 тонна юк кўтара оладиган электровозни яратди. Бу эса одам тезлиги билан деярли бир хил эди.

Электромобилларнинг янги даври

Янги давр. 19-аср ўрталаридан Америка ва Европа мамлакатларида электромобилллар яратиш учун кимўзарлик кайфияти бошланиб кетди. 1858 йилда Гастон Плантенинг қўрғошинли аккумулятор ихтиро қилиши бу жараёнларни янада тезлаштирди. 1881 йилда француз кимё муҳандиси Cамиел Альфонсе Фор Гастон Плантенинг қўрғошин-кислота аккумулятори дизайнини янада яхшилади ва унинг қуввати сезилари даражада оширилди.

Ана энди 1881 йилдаги Париж халқаро электр кўргазмасида француз ихтирочиси Густав Трув электр моторли уч ғилдиракли велосипедни тақдим этди. Худди шу йили унинг ҳамюрти Шарл Жанто аравани аккумуляторли электр двигател билан жиҳозлади ва 1884 йилдан 1906 йилгача Жанто бренди остида тижорий электр ўзиюрар вагонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Инглизлар ҳам қараб турмади. Уларнинг биринчи электромобиллари 1884 йилда Томас Паркер томонидан ишлаб чиқарилган. Ўша йилларда эса Лондонда Уолтер Бурсейнинг бир марталик қуввати 48 км масофага етувчи, 14,5 км/соат тезликка эга аккумуляторли электр таксилари ҳаракатлана бошлади. 1888 йилда Андреас Флокен Германияда электр моторли ўзиюрар аравага асосланган илк электромобилни яратди.

Америкалик биринчи электромобил эса 1891 йилда Уилям Моррисон томонидан ишлаб чиқарилган электр батареяси ёрдамида ясалган. 6 ўринли вагон 23 км/соат тезликка эриша олди ва у рул билан жиҳозланган биринчи автомобил эди.

1894 йил. Муҳандис-механик Генри Моррис ва кимёгар Педро Салом томонидан Филаделфияда ишлаб чиқилган биринчи электр таксилар Ню-Ёрк кўчаларида пайдо бўлди. Бу автомобиллар бир марта қувватланганда 40 км масофани босиб ўтган. Максимал тезлик эса соатига 32 км. Ҳозирги электр самокатлардан сал тезроқ.

Кўп ўтмай, Америкада бир қувват билан 22,5 км/соат тезликда 80–128 км масофани босиб ўтувчи ва 32 км/соат тезлик билан 130 километр йўл боса оладиган бошқа-бошқа электромобиллар кўпайишни бошлади.

Рекордлар янгиланиб, яхшиланиб борди. 1898 йилда француз пойгачиси Гастон де Часселоо-Лобат электромобилда 68 км/соат тезликка эришди ва кейинги йили бу рекорд қарийб 106 км/соатга етди. 4 йил ўтиб, Валтер Бейкернинг Торпедо электромобили соатига 161 км тезликка эришди.

1897 йилда Ню-Йорк такси ҳайдовчилари тижорат электр араваларининг илк харидорларига айланди. Баъзи манбалар таъкидлашича, 1900 йилга келиб, АҚШдаги барча автомобилларнинг чорак қисми электр уловлар бўлган ва шу йиллари электромобиллар ички ёнув двигателли анъанавий машиналардан кўпроқ сотилган.

Орқага қайтиш даври

1900 йилларнинг бошида электр автомобиллари, айниқса, оддий автомобилларнинг бензин ҳидини ёқтирмайдиган оқсуяк аёллар орасида машҳур эди. Шунингдек, “АҚШда бензин билан ҳаракатланувчи таниқли автомобил ишлаб чиқарувчилари ўз уйлари ва офислари ўртасида ҳаракатланиш учун электромобиллардан фойдаланишади" деган миш-мишлар ҳам тарқалган.

Ўша йилларда бошқа автомобил ишлаб чиқарувчилари “электромобиллар танноз ойимчаларнинг машинаси” деган гаплар билан эркакларнинг ғурурини уйғотишга уринишни бошлашди. Сифатли йўллар қурилиши ортидан узоқ масофаларга ҳаракатланиш оммалашиб борди. Бу эса қувватлаш ноқулай ва узоқ вақтни оладиган электр уловларга талабни пасайтира бошлади.

Шу орада 1908 йили Ford ўзининг ёнилғи билан ҳаракатланадиган ҳамёнбоп T русумли машинасини оммавий ишлаб чиқара бошлади. Унинг ўша пайтдаги бошланғич нархи 825-850 доллар атрофида бўлган. Бу эса автомобилларнинг шу даврдаги ўртача 1100-1700 долларлик нархларидан анчагина арзон эди. 1910 йилда АҚШда аҳолининг йиллик ўртача даромади 574 доллар ёки ойлик 48 доллар атрофида бўлган ва бу исталган одамда қиммат электромобиллар эмас, балки, ўрта синф учун ишлаб чиқилган Ford T моделини 1,5 йиллик даромадига харид қилиш имконини берган.

Янги нефт манбаларининг кўпайиб бориши ҳам шу даврга тўғри келди. Бу ҳам етмагандай, машиналар учун электр стартер ҳам ихтиро қилиниб, одамлар машинани ўт олдириш учун энди унинг “қулоғини бураб қўйиш” машаққатидан қутулишди. Электрокарларнинг қисқагина машҳурлик даври орқага чекиниб, улар бозорда ўз ўринларини ёнилғили автомобилларга бўшатиб бера бошлади.

1912 йилда ўртача бензинли автомобил 650 долларгача тушиб, электр транспорт воситаси эса 1750 долларга сотилган. Бир вазифани бажарса-ю, лекин бири иккинчисидан 3 баравар қиммат бўлса, электр уловларни бундан буёғига ким ҳам харид қиларди, тўғрими? Шу алфозда давом этган инқироз ортидан 1935 йилга келиб, шаҳарларда электр транспорт воситалари деярли йўқ бўлиб кетди.

Қайта қизиқишнинг бошланиши

Электр автомобилларга навбатдаги қизиқишлар 1970 йиллардаги нефт инқирози туфайли пайдо бўла бошлади. Аллақачон унутилиб улгурган бу турдаги транспорт воситаларини амалиётга қайта жорий қилиш бўйича янги қонунлар кучга кира бошлади, электр дастурлар яратишга тушишди, ёқилғи тутунларидан бузилган экология важи билан ҳам бу тажрибага қайтиш шарт эди. Бироқ янги ишлаб чиқарилган электрокарлар бор-йўғи 45 км/соат тезликкача олиб чиқилди. Улар бир қувват билан 90 км масофагагина юра олди. Бу ҳатто 50 йил олдинги тадқиқотлардан ҳам пастроқ натижалар эди.

1974-1977 йилларда АҚШда шиддат билан ишлаб чиқарила бошланган Serbing Vanguard Citycar худди шундай қувватга эга электромобил эди. Бундай дизайн билан автомобил ўз харидорларини қизиқтира олмаган ҳам бўлса керак. Худди яқинда Россия ўз электрокари тақдимотини қилгани каби.

70-йилларнинг охирига келиб, электр машиналарга қизиқиш ва талаб унчалик бўлмади, кейинги 15 йиллар давомида газ билан ишлайдиган автомобиллар бозорда устунлик қилди. Аммо 90-йилларнинг ўрталарида янги федерал қоидалар автомобил ишлаб чиқарувчиларга машҳур моделларни электр транспорт воситаларига ўзгартириб, бензинда ҳаракатланадиган машиналардек тезликка яқинроқ бўлишга ёрдам берди.

1996 йилда GM ўзининг нолдан ишлаб чиқилган EV1 электр транспорт воситасини чиқарди. 1997 йилда Toyota оммавий ишлаб чиқарилган Prius’ни тақдим этди. 2000 йилга келиб улар бутун дунё бўйлаб ҳайдалиб, машҳурлар орасида машҳур бўлди ва яна бир бор электр транспорт воситаларининг обрўсини оширди.

Соҳадаги энг катта ютуқ 2006 йилда Калифорниядаги Tesla стартапи – 300 км масофани босиб ўтувчи ҳашаматли электр спорт автомобилини ишлаб чиқаришини эълон қилганида юз берди. АҚШ Энергетика департаменти ҳам қараб турмай, мамлакат бўйлаб электр уловлар учун тижорат ва жамоат қувватловчи қурилмалари инфратузилмасини яратди.

2010 йилда Chevrolet ўзининг сотувдаги илк плагин гибриди Volt автомобилини, Nissan эса тўлақонли экологик тоза электр автомобил Leaf’ни ишлаб чиқарди.

Электр автомобилининг энг қиммат қисми унинг аккумулятори бўлиб, у ҳам умумий юқори нарх туфайли кўплаб автомобил эгаларини ташвишга солар эди. 2013 йилга келиб, АҚШ Энергетика вазирлиги электр технологияларини ривожлантиришга сезиларли даражада сармоя киритди ва 4 йил ичида нархларнинг деярли 50 фоизга пасайишига эришди. Бундай ютуқлар ўртача даромадли одам учун электр транспорт воситаларини янада талабгор ва жозибадор қилди. Худди юз йил олдинги каби.

Бугунги рақамлар нима дейди?

Бутун дунёда одамлар автомобиллардан воз кечиб, кўпроқ пиёда, велосипед ёки жамоат транспортларида ҳаракатланишга ўтаётгани жаҳон автомобиллар савдосининг қисқаришига сезиларли таъсир қилмоқда. Халқаро энергетика агентлиги ҳатто шундай шароитда ҳам электромобиллар савдоси ўсаётганидан хабар беради. 2022 йилда электр автомобиллар сотуви 10 миллиондан ошган ва бу 2021 йилга нисбатан 55 фоизга кўп. Ўтган 2023 йилда бу миқдор 14 миллионга етиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Глобал автомобилларнинг умумий савдосида электр моторли транспортларнинг улуши 2021 йилдаги 9 фоиздан 2022 йилда 14 фоизга ўсди. Мазкур ўсиш 2017 йилдаги рақамлардан 10 бараварга ортиқ.

Электромобиллар сотувида етакчилик Хитой ҳиссасига тўғри келади. 2022 йилда жаҳон электромобиллари сотувининг 60 фоизи у ерда амалга оширилган.

Кейинги гигантлар эса Европа Иттифоқи ва АҚШ бўлиб, 2022 йили бу мамлакатларда савдо мос равишда 15 ва 55 фоизга ошди. Ҳавонинг энг катта ифлослантирувчилари Хитой, Европа Иттифоқи ва АҚШ экани сабабли электр транспорт воситаларининг кўпаяётгани яхши янгилик дея баҳоланмоқда.

Дунё бўйлаб автомобил ишлаб чиқариш саноатининг бундай тарихий ўзгариши глобал нефт саноатига ҳам таъсир қилмай қолмайди, албатта.

Биз гувоҳ бўлаётган тенденциялар глобал нефт талабига сезиларли таъсир кўрсатади. Ички ёнув двигатели бир асрдан кўпроқ вақт давомида тенгсиз бўлиб келмоқда, аммо электр транспорт воситалари статуси ҳам ўзгармоқда. 2030 йилга бориб улар кунига камида 5 миллион баррел нефтга бўлган эҳтиёжнинг йўқолишига сабаб бўлади”, дейди Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Бирол.

Сардорбек Усмоний тайёрлади.

Мавзуга оид