Ўзбекистон | 16:38 / 31.01.2024
32599
4 дақиқада ўқилади

Феврал ойи нисбатан совуқ кунлар билан бошланиши кутилмоқда

Ўзбекистонда бу йил феврал ойи одатдагидан илиқроқ ўтади, бироқ ой боши нисбатан совуқ бўлади. Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечаси 0…+5, кундузи +8…+13 даража, кейинчалик ой охиригача кечаси –12…+7, кундузи 0…+18 даража атрофида бўлади. Ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда феврал ойи январ ойи ва одатдагидан нисбатан 2–2,5 даражага, тоғларда 1–1,5 даражага илиқроқ бўлади. «Ўзгидромет» матбуот хизмати феврал ойида қандай об-ҳаво бўлиши кутилаётгани тўғрисида маълумот берди.

Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда меъёрдан 1–1,5 даражага юқори бўлиб, +2…+4 даражани, шимолда –2…+1 даражани, жанубда +6…+8 даражани ташкил этади.

Февралнинг боши нисбатан совуқ бўлади. Биринчи беш кунликда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0…–5 даража, кундуз кунлари –2…–7 даража, баъзи жойларда 0…–2 даражагача бўлади. 1 феврал ва 4 феврал кунлари республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида, 3 февралда жанубий вилоятларида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади.

Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечалари 0…+5 даражагача, кундуз кунлари +8…+13 даражагача кўтарилади. 7–8 феврал кунлари асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечаси +2…+7 даражадан –2…–7 даражагача, кундуз кунлари +13…+18 даражадан +2…+7 даражагача, шимолда кечалари 0…+5 даражадан –7…–12 даражагача, кундуз кунлари +11…+16 даражадан 0…+5 даражагача ўзгариб туради.

Феврал ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда феврал ойи одатда қандай ўтади?

Феврал ойида кўпинча баҳорий илиқ об-ҳаво даврлари кузатилади. Умуман олганда, 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг феврал ойлари энг иссиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3–6 даражага кўп бўлган. Айрим даврларда ҳаво ҳарорати +22…+27 даражагача, жанубда +28…+30 даражагача кўтарилган.

Хусусан, республика ҳудудининг катта қисмида 2016 йил феврал ойида Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори максимал ҳарорат бўлган. 2021 йил феврал ойида бундай илиқ об-ҳаво биринчи ва иккинчи ўн йилликларда сақланиб турган, ойнинг охирги ҳафтасида эса ҳарорат –10…–15 даражагача пасайган.

2008, 2012 ва 2014 йилларнинг феврал ойлари энг совуқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4–8 даражага паст бўлган. Минимал ҳаво ҳарорати –12…–17 даражагача, шимолда –24…–29 даражагача пасайган. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бу совуқлар тарихий кузатув қаторлари учун энг паст кўрсаткичлар билан таққосланганда нисбатан кучсиз бўлди, бундай кучли совуқлар сўнгги йилларда феврал ойида кузатилмаганди.

Фақат Сурхондарё вилоятида 2014 йил феврал ойида минимал ҳаво ҳарорати −–20…–22 даражагача пасайган, бу эса барча кузатув йиллари учун минимал ҳарорат рекордини янгилаган.

Маълумотларга кўра, республика ҳудудининг катта қисмида бутун куз-қиш даври давомида феврал ойи ёғингарчилик энг кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Бироқ ёғингарчилик миқдори ҳамда ҳарорат тартиби бўйича феврал ойи жуда турлича бўлиши мумкин.

Мисол учун, 2016 йил феврал ойи энг қуруқ (аномал қуруқ) бўлган. Барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрдан 20 фоизга кам бўлган. Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил феврал ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, бунда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрга нисбатан 200 фоиздан 300 фоизгача бўлган.

Текислик ҳудудларида феврал ойида ёғингарчилик асосан аралаш (ёмғир, қор) кўринишда бўлади, аммо қор қоплами камроқ шаклланади. Қор қоплами билан кузатилган энг узун давр 2008 йил феврал ойида кузатилган. Қор қоплами кузатилган кунлар сони 20–25 кунни, жанубий ҳудудларда 8–15 кунни ташкил этган.

Мавзуга оид