Сурхондарёда иккита машина тўқнашувида 9 ёшли пиёда оғир тан жароҳатлари олди
Тез келган KIA аввал Damas билан тўқнашади, сўнг ота-бола ва яна бир фуқарони уриб кетади.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида содир бўлган ЙТҲда йўл четидан отаси билан кетаётган 9 ёшли бола оғир тан жароҳатлари олган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 31 январ куни туш пайтида содир бўлган.
М-41 автомобил йўлининг Шўрчи тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 21 ёшли ҳайдовчи ўзига тугишли KIA машинасини бошқариб келиб, ўзидан олдинроқда ҳаракатланиб, чапга бурилаётган Damas билан тўқнашган.
KIA машинаси Damas билан тўқнашувдан сўнг йўл четида ҳаракатланиб кетаётган ота-бола ва яна бир фуқарони уриб юборган. Оқибатда 9 ёшли бола “бош мия ёпиқ жарохати, бош мия лат ейиши, ўнг елка қисмидан ёпиқ синиши” ташҳиси билан туман шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Шўрчи тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тўқнашув қандай тарзда юз бергани тасвирланган видео тарқалди. Унда аҳоли маскани бўлган жойда KIA катта тезликда ҳаракатланиб келганини кўриш мумкин.