Мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Вазирлик департамент директори Сардор Ражабов ҳамда Сенат қўмита раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг янги ўринбосарлари этиб тайинланишди. Бунгача мазкур лавозимларда Дилшод Кенжаев ва Узоқбой Бегимқуловлар ишлаб келишган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага янги ўринбосарлари маълум қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова Kun.uz'га хабар берди.
Таъкидланишича, бу лавозимга вазирликнинг Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти директори Сардор Ражабов ҳамда Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев тайинланган.
Ражабов вазирликдан аввал собиқ ДТМ директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Фарҳод Боқиев эса тайинловга қадар Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Ундан аввал эса АОКАнинг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган, 2020 йилнинг 17 январида Сенат аъзолигига сайланган.
Шу вақтгача вазир ўринбосарлари сифатида Дилшод Кенжаев ва Узоқбой Бегимқуловлар ишлаб келаётганди. ММТВнинг расмий сайтида бу лавозимлар вакант экани кўрсатилган. “Ишдан бушаганларнинг жойини вакант килиб куйгандик”, – дейди Собирова.
Ҳозирча Кенжаев ва Бегимқуловлар нима сабаб ишдан кетгани маълум эмас.
Маълумот учун, Дилшод Кенжаев 2021 йил феврал ойигача Халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган, кейин эса президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланганди. Ундан сўнг бир муддат Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари бўлиб, 2023 йил январ ойидан ММТВда вазир ўринбосари лавозимида фаолият юртди.
Узоқбой Бегимқулов эса 2021 йил июн ойида ўша вақтдаги Мактагача таълим вазири ўринбосари лавозимига келган. Унгача 4 йил давомида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2023 йил январ ойида маъмурий ислоҳотлар фонида янги ташкил этилган ММТВда вазир ўринбосари сифатида иш бошлаган.
Мавзуга оид
16:31 / 04.11.2024
Ўзбекистоннинг Индонезиядаги янги элчиси тайинланди
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
18:28 / 30.10.2024
Мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги биринчи ўринбосар тайинланди
18:32 / 28.10.2024